Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг келгуси ҳаётига мустаҳкам замин бўлади. Ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқишларини янада ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида туман марказидаги 82-умумтаълим мактабининг қарама-қарши тарафида туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда барча замонавий шарт-шароитларга эга “Ёшлар кутубхонаси” очилди.
- Мазкур маърифат масканини очишдан мақсад, аввало, ҳудуд аҳолисини, жумладан, ёш авлод вакилларини китобхонликка жалб этишдан иборатдир, - дейди туман ҳокими ўринбосари Х.Кўбаев. – Биз ахборот асрида яшаяпмиз. Дунё миқёсида юз бераётган бугунги глобал жараёнларнинг асосини турли хил бузғунчи ғоялар остида урчиб бораётган ахборот ҳуружлари ташкил этади. Ёшларни улардан асраш бизнинг асосий вазифамиз бўлиши керак. Шу маънода бу каби замонавий кутубхоналар билан китобхонликни тарғиб этиш ёшлар онгини маърифат нурлари билан безайди. Кутубхонамиз ҳозирги кунда 2000 та китоб фондига эга бўлиб, кейинчалик унинг ададини яна 5000 тага оширишни режалаштираяпмиз. Шунингдек, кутубхонамизда ёш китобхонларимиз учун интернет ва wi-fi тизими, электрон китоблар хизматини ташкил қилганмиз.
- Энди бизда ҳам Ёшлар кутубхонаси бор, - дейди 82-мактаб ўқувчиси Д.Бегматов. – Китоб ўқиш жону дилим. Айниқса, Ватанимиз шонли тарихидан ҳикоя қилувчи китобларни ўқиш орқали аждодларимизнинг юксак маънавияти ва салоҳиятига қойил қоламан. Бу ерда мен ўқишни орзу қилиб юрган бадиий асарларни учратдим. Келгусида, албатта, дўстларим билан мазкур кутубхонанинг доимий аъзосига айланамиз.
Кутубхонанинг очилиш маросимида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ш.Жаниқулов ҳамда Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси А.Маматовлар “Ёшлар кутубхонаси” ёшларимиз учун яна бир маънавият ўчоғи бўлишини таъкидладилар.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.