Китоб — инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Китоб мутолаа қилиш орқали ёшлар таълим-тарбиясини яхшилашга оид ташаббус туманимизда ҳам кенг қўллаб-қувватланиб, туман ҳокимлиги, ташкилот ва корхона раҳбарлари ўзлари таълим олган мактабларга китоблар жамланмаларини туҳфа этмоқдалар. Булар қаторига тадбиркорлик субъекти вакилларининг ҳам қўшилгани кўнгилга хушнудлик бағишлайди.
Туман марказида ўз тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган Бекзод Ўринбоев ўтган йили ўз фаолиятини бошлаган 85-умумтаълим мактабига 50 нусха бадиий китоблар жамланмасини совға қилди.
- Маҳалламиз ҳудудида янги ташкил этилган ушбу мактаб кутубхонасида ҳали бадиий китоблар камроқ эди,-дейди тадбиркор Б.Ўринбоев. –Кишининг маданияти унинг билимида, тафаккурида акс этади. Шу маънода назаримда бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, кўпчилик ёшларда бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди.
- Ёшларни китобхонликка жалб этиш, бу орқали улар қалбида ватанпарварлик ва инсонийлик туйғуларини шакллантириш муҳтарам Юртбошимиз олиб бораётган оқилона сиёсатнинг бирламчи омилидир, - дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ф.Абдуқодирова. – Мазкур ислоҳотлар фонида ҳар бир соҳа вакилларининг фаол иштироки қувонарлидир, албатта. Бинобарин, китоб ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ.
Шунингдек, бундай тадбирлар 1 ҳамда 70-умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, 1-сон Марказий маданият маркази бадиий раҳбари Э.Холбоев ўзи ўқиган 1-умумтаълим мактабига, 70-мактаб директори А.Совронов, ММИБДЎ Д.Умаров ва ЎТИБДЎ Ш.Қўчқоровлар ўзлари фаолият юритаётган мактаб кутубхонасига 30 тадан бадиий асарлар жамланмасини туҳфа қилишди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.
Фароғат БАҲРОМОВА.