Китоб ўқиш инсон дунёқарашини кенгайтириб, билимини ошириш билан бирга, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўргатади. Жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган йиғилишда ижтимоий, маънавий-маърифий, санъат ва спорт соҳаларидаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эдилар. Ушбу ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Туман маънавият ва маърифат бўлими томонидан ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида 82-умумтаълим мактабига китоблар жамланмаси туҳфа этилди.
- Маънавий дунёқараши кенг инсондан ёмонлик чиқмайди,-деди туман маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Ш.Зиёддинов. -Бунинг учун эса кўпроқ мутолаа қилиш лозим. Кейинги пайтларда юртимизда китобхонлик масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақсадимиз - биринчи навбатда мактаб кутубхоналари фондини китоблар билан бойитишдир.
- Китоб ўқиш - ақлни чархлайди. Яхши китоб ўқиган киши ўзини кучлироқ, ақллироқ сезади. Ҳар қандай янгилик бир кун келиб эскириши мумкин, лекин инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Тақдим этилган китоблар жамланмасидан жуда хурсанд бўлдик,-дейди мактаб кутубхоначиси Инобат Мардиева.
Китоб ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқдир, албатта.
Шунингдек, ушбу мактабнинг собиқ ўқувчиси, ҳозирги кунда Тошкент шаҳар инкассация бўлими бошлиғи бўлиб ишлаётган Ислом Турдибеков ҳам мактаб кутубхонасига 15 та бадиий асарлар жамланмасини туҳфа қилди.
Ҳ.РАСУЛОВ.