Туман халқ таълими бўлимига қарашли 26-умумтаълим мактабида “Бошланғич синфларда оғзаки ва ёзма саводхонликни ошириш” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда тумандаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчилари иштирок этди. Улар томонидан мактабнинг 20 та бошланғич синф ўқитувчиларининг дарслари кузатилди.
Ўқувчини болалик давриданоқ илм-маърифатга қизиқтириш, таълим жараёнларига фаол жалб этиш бошланғич синф ўқитувчиларидан улкан меҳнат ва саботни талаб этади. Дарсларни инновацион технологиялар воситасида олиб бориш билан биргаликда бугунги таълим ўқитувчидан актёр ва етук руҳшунос бўлишни ҳам тақозо этади.
- Юксак ахборот технологиялари билан қуролланган бугунги даврда ўқувчиларни маъруза билан сабоқ жараёнларига қизиқтириш қийин, - деди 1-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Мавжуда Маматова. –Биз замонга, ўқувчи руҳиятига мослашишимиз шарт. Лозим бўлса, сабоқ жараёнларига интернет ва телефон сингари ёшлар орасида кенг оммалашган ахборот узатиш воситаларини ҳам жорий этишимиз керак.
Семинар давомида, шунингдек, 82-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси С.Тошбоеванинг “Ўқувчиларни қисқа фурсатда баҳолаш” кўргазмали дарси ҳам ташкил этилиб, туман миқёсида оммалаштириш тавсия этилди.
Дониёр ТОШБОЕВ,
туман халқ таълим бўлими бошланғич таълим услубчиси.