Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини янада юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг оммалаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, санъат ва маданият масканларига жалб қилган ҳолда ёшлар қалбида санъатга муҳаббат туйғуларини уйғотиш бўйича бирламчи вазифалар белгиланиб, бешта муҳим ташаббус илгари сурилган эди.
Тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар Дастурига кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан турли хил оммабоп мавзудаги китобларни етказиб бериш кўзда тутилгани, ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Китоб совға қил!” акциясида идора ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлардан тортиб, оддий фуқароларгача иштирок этишаётгани бу ташаббуснинг нақадар катта аҳамиятга эгалигидан яққол далолатдир.
Инсоннинг энг яқин ва беминнат дўсти китобдир. Китобхонлик, айни пайтда нашр қилинаётган бадиий асарлар савияси ва унга бўлган талаб қай аҳволда? Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, кўнгилдагидек эмас.
Мактабда ўқиб юрган давримда туманимиз марказида китоб дўкони фаолият кўрсатарди. Унда Умар ака деган киши дўкон сотувчиси бўлиб ишларди. Ушбу китоб дўконида ўзимизнинг ёзувчилардан тортиб, чет эл адиблари асарларигача бўлар эди. Айниқса, болалар учун эртак, ҳикоя ва бошқа турдаги китобларга талаб жуда катта бўларди. Уйимиз узоқ бўлсада ҳафтасига ҳеч бўлмаганда бир марта ушбу китоб дўконига кириб, бадиий адабиётлар сотиб олар эдик. Ўеч эсимдан чиқмайди, “Оловиддиннинг сеҳрли чироғи” китобини сотиб олиб, синфдошларимга мақтандим. ¤ша куннинг эртасига 5-6 нафар синфдошим ҳам бориб, ўша китобни сотиб олган эди.
Биз аслида нима учун китоб ўқиймиз? Сабаби оддий, чунки китобда дунёда ҳеч нарса билан таққослаб ва ҳеч қаердан топиб бўлмайдиган хилқат бор. Яна у дунёни қалб кўзи билан кўришингизга ёрдам беради.
Яқинда туманимиз марказида ҳам китоб дўкони очилди. Афсуски, у ерда деярли бирон-бир китоб сотиб олаётганини ҳам учратмайсиз. Иш юзасидан вилоят марказига боришга тўғри келди. Кўчани айланиб юрганимда “Китоб олами” китоб дўконига кўзим тушиб қолди. Қизиқиб ичкарига кирдим. Тартиб билан тахтланган, ҳар бири алоҳида номланган ҳар бир бўлимдан истаган китобингизни топишингиз мумкин. У ерда, айниқса, ёш китобхонларни кўриб, очиғи хурсанд бўлдим.
Мактабда бирга ўқиган ўртоғимнинг уйига меҳмондорчиликка бордим. Жавонига териб қўйилган китобларни олиб танишганимда мактаб даврида, аниқроғи 1989 йил 5-синфда ўқиганимда туғилган кунига совға қилган китобимни кўриб қолдим. ¤шанда юрагимда пайдо бўлган хурсандчиликни сезсангиз эди. Бирдан ўша давр хотиралари эсимга тушди. Эндиликда яқинларимизга китоб ҳадя қилишни унутиб қўймадикми? Ёки китоб совға ўрнини босмайдими?
Ҳозир кўпчиликдан туғилган кунга ёки бирон-бир байрамга нима совға сўрасангиз, мобил телефон, планшет, кийим, сумка ёки маълум бир миқдордаги пулни айтади. Бозордан қўни-қўнжини тўлдириб чиқаётган отага “Ўғил-қизларингизга китоб ҳам совға қилиб турасизми?” дея берган саволимга эса, “Китоб совға қилганим билан ўқирмиди, ҳозир мобил телефон, интернет, телевидение деган бало чиққан” деган жавобни олдим.
Энди бир ўйлаб кўринг. Компъютерга ружу қўйиш, соатлаб телефонда гаплашиш, суткалаб телевизор олдидан жилмаслик интеллектуал салоҳиятимизни емираётганини бугун вақтнинг ўзи кўрсатаяпти-ку. Интернет орқали ҳам турфа бадиий адабиётлар, мутафаккир алломаларимиз асарларидан фойдаланиш, ҳатто ҳеч қайси кутубхонадан ёки дўкондан тополмаган сара асарларни танлаб ўқиш мумкинку, ахир.
Бугун талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб нашриётлар зарурат бўлмаган, ҳатто арзимас китобларни нашр қилишмоқда. Бироқ баъзан айрим кишилардан китобларнинг нархи қиммат, деган гапларни эшитиб қоламиз. Ҳолбуки, бир кунда гаплашадиган, қўл телефонимиз ҳақи ёки ойида бир неча бор қатнашадиган гап-гаштакларимиз пулига яхшигина қанчадан-қанча китоб харид қилса бўлади. Фақат биз телефонда бекорчи суҳбатларга кетадиган вақтимиз ва маблағимизни китоб учун сарфлашни, фарзандларимизга ойда бир бўлса-да китоб харид қилишни асосий вазифа деб тушунсак бас...
Китоб нафақат энг яқин, балки садоқатли дўст десак, янада тўғрироқ бўлади. Унинг қадрига етайлик, ёшларимизга тушунтирайлик, агар уларнинг қалбига, онггу шуурига чуқур сингдиришга эришсак, нур устига аъло нур бўлади, албатта.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.
