Кейинги йилларда ёшлар оммасини китобхонликка жалб этиш, китобхонлик маданиятини миллий анъана ва қадриятларимиз негизига барпо этиш Юртбошимиз томонидан олиб бораётган сиёсатнинг бирламчи омилларидан бирини ташкил этади.Туман марказида ҳам ана шу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ туман ҳокимлиги ҳамда ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда барча замонавий шарт-шароитларга эга “Ёшлар кутубхонаси” очилди.
- Мазкур маърифат масканини очишдан мақсад, аввало, ҳудуд аҳолисини, жумладан, ёш авлод вакилларини китобхонликка жалб этишдан иборатдир, - дейди туман ҳокими ўринбосари Х.Кўбаев. – Биз ахборот асрида яшаяпмиз. Дунё миқиёсида юз бераётган бугунги глобал жараёнларнинг асосини турли хил бузғунчи ғоялар номи остида урчиб бораётган ахборот ҳуружлари ташкил этади. Ёшларни улардан асраш бизнинг асосий вазифамиз бўлиши керак.Шу маънода бу каби замонавий кутубхоналар билан китобхонликни тарғиб этиш ёшлар онгини маърифат нурлари билан безайди. Кутубхонамиз ҳозирги кунда 2000 та китоб фондига эга бўлиб, кейинчалик унинг ададини яна 5000 тага оширишни режалаштираяпмиз. Шунингдек, кутубхонамизда ёш китобхонларимиз учун интернет ва WF (вайфай) тизими, электрон китоблар хизматини ташкил қилганмиз.
- Энди бизда ҳам “Ёшлар кутубхонаси” бор, - дейди 82 мактаб ўқувчиси Д.Бегматов. – Китоб ўқиш жону дилим. Айниқса, ватанимиз шонли тарихини тараннум этишга бағишланган китобларни ўқиш орқали аждодларимизнинг юксак маънавияти ва салоҳиятига қойил қоламан. Бу ерда мен ўқишни орзу қилиб юрган деярли барча бадиий асарларни учратдим. Келгусида, албатта, дўстларим билан мазкур кутубхонанинг доимий аъзосига айланимиз.
Кутубхонананинг очилиш маросимида, шунингдек, “Нуроний” жамғармасининг туман бўлими раиси Ш.Жониқулов ҳамда Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси А.Маматовлар сўз олиб, барчани “Ёшлар кутубхонаси”ни очилганлиги билан қутлади.
Тўлқин ХАЛИЛОВ