кеча, бугун, эртага
Телевизорда журналист қиз Ватан ҳақида гапираётганини эшитган 4 ёшли жияним мени саволларга кўмиб ташлади:
- Амма, Ватан нима дегани?
- Ватан бу - бизнинг уйимиз, - кулибгина жавоб қила бошладим болаларча…
- Ҳа, акамнинг дарсхонаси, Абдуллоҳнинг бешиги, - гапимни бўлди у. - Қушларнинг ҳам ватани бўладими?
- Албатта, қушларнинг ҳам, ҳайвонларнинг ҳам ватани бўлади.
- Қушларнинг ватани дарахт тепасими?
- Ҳа, биларкансанку!
- Ватаннинг расмини қоғозга чизса бўладими?..
- Ватан расми қоғозга эмас, юракка чизилади.
- Юракка қандай қилиб чизилади?
- Буни катта бўлганингда тушуниб оласан.
Кеча
Жияним каби бола эдим. Туғилиб ўсган қишлоғим Навкатни Ватан деб тушунганман. Ўша ватанимда саноқлигина уйлар бўларди. Атрофи эса лалми буғдойзор ва яйлов эди. Мавжуд уйларнинг ҳам аксарияти томи шиферланмаган, кўримсиз, пастқам эди. Қишда ёғингарчилик кўп бўлса, айрим томсувоқ уйлардан чакка ўтарди. Аммо биргина аҳамиятли жиҳати, қишлоқ аҳолиси бир-бирига меҳрибон эди. Ёзда кимдир том устини сувоқ қилишга қиришса қўлидан иш келадиган қишлоқдошлар ҳашарга отланарди. Бизникида эски “Весна” русумли телевизор бўларди. Унда фақатгина Россиянинг биттагина каналини томоша қилиш мумкин эди. «Ўзбекистон» каналини кўриш учун томда турган антеннани бураш ёки баландроққа кўтаришга тўғри келарди. Шу «рангсиз» оддий телевизорга ҳам кўпчилик ҳавас қиларди. Ўша пайтларда 4-5 уйдагина шундай оқ-қора рангда кўрсатадиган телевизор бўларди. Қизиқарли кўрсатув ёки сериал бўлса, кўпчилик қўни-қўшнилар битта уйга йиғилишарди.
Бирор жойга борадиган бўлсак, саҳардан йўлга чиқишга тўғри келарди. Биттагина автобус қатнарди. Шу билан вилоят ёки туман марказига бориб-келишга улгурсанг улгурдинг, акс ҳолда бошқа транспорт бўлиши амри маҳол эди. Баъзида шу автобусни ҳам соатлаб кутардик.
Бугун
Бугун-чи? Тоғлар орасидаги қишлоғимизда ҳам ҳашаматли уйлар, кўп қаватли кўркам бинолар қад ростлаган. Ҳар бир хонадонда икки-учтадан замонавий телевизорлар мавжуд бўлиб, уларда болалар, ёшлар, катталар учун, қолаверса ҳаммабоп каналлар орқали истаган кўрсатув ёки фильмларни томоша қилиш мумкин. Ҳар икки ҳовлининг бирида шахсий автомашина.
- Ёшим етмишдан ошди, - дейди Мусо бобо Исмоилов. – Ношукурлик қилмайману, аммо босиб ўтган умримнинг ярмигача қишлоҚимизда деярли ўзгариш сезмагандим. Ўзбекистонимиз мустақил бўлгандан кейин тушимизда кўрмаган янгиликлар бўб кетди-ку. Айниқса, кейинги 3-4 йил ичида. Мана масалан, интернетни олайлик, невараларим мактабдаги ўқитувчисидан шу тармоқ орқали сабоқ олаётган эмиш. Биз-чи? 10 километр узоқликдаги мактабга қиш-қировли кунларми, жазирама иссиқми гоҳ пиёда, гоҳ эшак миниб қатнардик.
Эртага
Сарлавҳага “Кеча, бугун” сўзларидан кейин “эртага”ни ҳам қўшиб, энди эртага нима бўлишини мен қаердан биламан, нималар ҳақида ёзсам экан, деб мақоламни тугатолмай ўйланиб юрганимда яна жияним гапириб қолди:
- Амма, биласизми катта бўлсам учувчи бўламан. Боғчамиздай келадиган узун самолётим бўлади. Амакимнинг молхонасининг орқасидаги кенг жой борку, ўша ерга самолётимга ватан қураман.
Орзуга айб йўқ. Болалигимда кўп қаватли мактабда ўқишни ният қилардим. Бугун кўп қаватли бинода ишлаяпман. Ажабмас, жияним катта бўлгунча қишлоҚимиз шаҳарчага айланиб, завод ва фабрикалар қурилса. Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар юк самолётларига ортилиб, хорижга экспорт қилинса...
Дилноза ҲАСАНОВА.