Дунё яралибдики, болажонлар ажиб куй ва оҳанглар оғушида тин олади, эрталаб қуёш ўз ётоғидан бош кўтаради, тун яна ойю юлдузларни кўкка сочади. Ватан фаровонлиги ва кўнгил хотиржамлигидан мурғак кулгуларнинг жаранги киши қалбига таскин-тасалли бағишлайди.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Заркент шаҳарчасидаги ҳарбий қисмда ҳам болажонларнинг ана шундай шодон кулгулари билан тўлди.
Харбий хизматчиларнинг оила аъзолари, “Кончи” маданият уйи жамоаси ёшлари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида шакллантирилган замонавий армиямиз Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз даҳлсизлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли ҳимоячиси эканлиги алоҳида таъкидланди.
- Ёшларимизнинг ҳарбий ватанпарварлик туйғусини мунтазам ошириб бориш учун ташкил этилган бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказиб борилиши уларда ҳарбийлик касбига қизиқиш ва интилишларини оширади, - деди ҳарбий қисм командирининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари майор Ш.Явмутов. -Бундан ташқари, уларни Қуролли кучларимиздан фахрланиш ва ғурурланиш ҳамда Ватан тақдири учун даҳлдорлик ҳисси билан яшашга ундайди.
Дарҳақиқат, болажонлар ҳарбий қисм фаолияти ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш жараёнлари билан танишиб, қалбан ўзларини эртакларда эзгулик учун кураш олиб борган қаҳрамонлардек ҳис қилишди.
Олисдан ҳарбий хизматчилар кийимини кийиб, қурол-аслаҳаларни зўр иштиёқ билан томоша қилаётган беш ёшлар чамасидаги болакай эътиборимни тортди. У билан танишдим. Исми Бегзоджон экан. Мени қойил қолдиргани Бегзоджон бу ерда намойишга қўйилган барча ҳарбий техника воситаларини номма-ном айтиб бергани бўлди.
-Мухбир ака, мен катта бўлсам, дадамга ўхшаб ҳарбий хизматчи бўламан.
Туйқусдан унинг забонидан янграган бу азиз калом сеҳрига маҳлиё бўлиб қолдим. Унга мен ҳали бу тўғрида савол бермагандимку. Уни елкам узра даст кўтариб, қулоғига “Отангга раҳмат” деб шивирлаб қўйдим. Очиғи, мен бундай пайтда сўзларни шивирлаб айтишни яхши кўраман. Уларга кўз тегиб қолишидан қўрқаман. Шунингдек, болажон сенинг ватанпарварлик руҳи жўш уриб турган мурғак қалбингга ҳам қаттиқ эшитилмасин дейман. Эрта бир кун сен орзулаган кунларнинг келишига отангдек Ватан осойишталиги ва фаровонлиги йўлида жасур ҳарбий хизматчи бўлишингга ишониб қоламан.
Бегзоджон билан суҳбатни тамомлагач, болажонлар билан яқиндагина қуриб ишга туширилган ҳарбий қисм биносида ҳарбийларга яратилган имконият ва шарт-шароитлар билан танишдик ва улкан таассуротлар олдик.
БОЛАЖОНЛАР ҲАРБИЙ ҚИСМГА САЁҲАТ ҚИЛИШДИ
Ўз мухбиримиз.