Туман марказидаги ТИП-2 спорт мажмуасида “Соғлом авлод - Ватан камоли” шиори остида бадиий гимнастика бўйича вилоят очиқ турнири бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг барча туманларидан ташриф буюрган 238 нафар бадиий гимнастикачи қизлар иштирок этди.
Қомати расо, ўзига ишончи юксак ёшларнинг аксарияти болаликда спорт билан шуғулланган бўлишади. Бунда гимнастика спорт турлари, хусусан, бадиий гимнастика билан машқ қилишнинг аҳамияти катта.
Турнирда ёш спортчилар булава, арғамчи, ҳалқа, тўп, тасма каби буюмларда бажариладиган нозик машқларни мусиқа садолари уйғунлигида намойиш қилди.
– Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, қишлоқ жойларда замонавий спорт иншоотлари қад ростлаётгани спорт билан мунтазам шуғулланувчи ўғил-қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб боришида муҳим омил бўлмоқда, – дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиева. - Туманимизда ҳам спортнинг нафис тури – бадиий гимнастикага қизиқиш ва интилиш тобора кучайиб бормоқда. Гимнастик машғулотлар болаларнинг умумий саломатлигини тиклашда ижобий натижа беради. Маълум бир ҳаракатларни бажариш танада модда алмашинувини яхшилаб, болаларнинг, жумладан, қизларнинг жисмонан ривожланишига замин ҳозирлайди. Мусиқа ва рақс санъати элементларининг бадиий гимнастикада жам бўлгани, қизларни эстетик тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади.
Турнир якуний натижаларига кўра, Самарқанд шаҳар жамоаси ёш гимнастикачи қизлари биринчи ўринни эгаллашди. Иккинчи ўринни туманимизнинг ёш гимнастикачи қизлари эгаллашган бўлса, учинчи ўрин Пахтачи тумани жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Б.МАМАДИЁРОВ.