Заркент шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисмда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юрт равнақи ва тинчлиги йўлида дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман кенгаши, “Кончи” маданият уйи бадиий дастаси, НКМК 4-сон ГМЗ ишчи-хизматчилари ҳамда 81-умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этишди.
Юртимиз мустақиллигидан сўнг миллий армиямиз мутлақо янгича, замонавий ва юксак талаблар асосида ташкил этилди. У она юртимизнинг, миллатнинг ор-номуси, шаъни, шавкатини ҳимоя қилувчи, асровчи улкан куч бўлиб қолди. Мустақил Ватанимизнинг шарафли армияси ҳарбий хизмат ёшидаги ўғлонлар учун ҳақиқий маънодаги ҳаёт мактабига ҳам айланиб улгурди ва бугунги ёшларимиз она-Ватанга хизмат қилишни шарафли бурч, деб ҳис этмоқдалар.
Тадбир иштирокчиларига истиқлол йилларида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқ ва марраларнинг асоси, энг катта бойлигимиз – юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, миллатлараро тотувлик эканлиги, бу бойликни асраб-авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни борлигини, шу билан бирга Ватан ҳимояси фақат ҳарбийларнинг эмас — ўз ишини фидойилик билан бажариб, мамлакатимиз равнақига фаол ҳисса қўшиш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг Ватан, элу юрт олдидаги бурчи эканлиги уқтирилди.
Бугун ана шундай фидойи ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш: турар-жой билан таъминлаш, имтиёзли кредитлар бериш, шунингдек, хизмат ўташ шароитларини янада яхшилаш мақсадида замонавий муассаса ва ҳарбий қисмлар биноларини фойдаланишга топшириш, мавжуд иншоотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламда ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳарбий қисм саф майдонида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси, аскарлар томонидан тайёрланган ҳарбий-жанговар кўргазмали чиқишлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида “Кончи” маданият уйига қарашли “Зарпарчалар” ашула ва рақс дастаси томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
Ҳарбий қисм томонидан “Ёшлар иттифоқи” туман кенгаши билан ҳамкорликда 81-умумтаълим мактабида “Уч авлод учрашуви” ҳам ўтказилди.
Учрашувда узоқ йиллар ички ишлар бўлимида ишлаган, ҳозирги кунда нафақа гаштини сураётган Тошназар Очилов ўқувчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз Ватани, халқига содиқ бўлиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, юртимиз тинчлиги ва ободлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш ҳар бир ёшнинг асосий вазифаларидан бўлмоҚи лозимлигини таъкидлади.
Бинобарин, бундай тадбирлар навқирон авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини янада юксалтириш, уларни бир мақсад атрофида бирлаштиришга хизмат қилади.
Ҳ.РАСУЛОВ.
