Туман марказидаги 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Мен шу азиз юрт фарзандиман” шиори остида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида бадиий кеча ўтказилди. Унда 1-сон марказий маданият уйи бадиий ҳаваскорлари, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ўзларининг истеъдодларини намойиш этишди.
Тадбир давомида ёш ижрочилар Ватан, она, болалик каби эзгулик ва ватанпарварлик туйғулари мужассам бўлган ашула ҳамда рақслар билан йиғилганлар олқишига сазовор бўлишди. Айниқса, Мухлиса Узоқова ижросидаги “Онажоним” қўшиғи тадбир иштирокчиларига ўзгача хушнудлик баҚишлади.
-Мусиқа ва санъат соҳасида туманимизда истеъдод соҳиблари кўпчиликни ташкил этади,- дейди туман маданият бўлими ҳаваскорлик жамоалари ва ижодий тўгараклар фаолиятини ташкил этиш бўйича мутахассиси Ш.Хидирова. - Мамлакатимизда ёшларнинг мусиқа ва санъат сирларини пухта ўрганиб, ўз истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун яратилаётган шароит ва қулай ижодий муҳит келгусида янги ютуқларни қўлга киритишига ишонишга асос бўла олади. Бу борада уларга омад тилаймиз.
Тадбир сўнггида иштирокчилар Ватанни, тинчликни улуғловчи “Жон Ўзбекистон” қўшиғини ижро этишди.
Ислом БОБОҚУЛОВ.