Яқинда Самарқанд шаҳрида “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда туманимиздаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоаси “Фольклор ансамбли” йўналиши бўйича иккинчи ўринни қўлга киритди.
Кўрик-танлов шартларида белгиланганидек, иштирокчилар ёшига кўра тоифага бўлинмаган ҳолда қадимий реквизитлардан фойдаланган ҳолда ҳудудимизга хос чорвачилик ва деҳқончиликка мослашган лапар ва айтимларни жонли ижрода намоён этгани томошабинларда ҳам катта таассурот уйғотди.
-Ўзбек санъати орасида халқ оғзаки ижоди ва қадриятларимизни уйғунлаштира оладиган бу фольклор санъат тури ўзининг миллийлиги, халқчиллиги билан ҳам қадрлидир, - дейди 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби раҳбари С. Холдорова. - Бу кўрик-танловда биз халқимизнинг бой қадрият ва меросини куйга солишга ҳаракат қилдик. Ўқитувчилардан Д.Абдусаидова, ўқувчилардан эса Н.Назаровлар ўзларининг санъатга бўлган меҳрини, истеъдодини юқори даражада намойиш этдилар.
Мамлакатимизда мусиқа билан шуғулланаман, унинг сир-асрорларини ўрганаман дейдиган ёшларга барча шарт-шароитлар яратилган. Деярли ҳар бир туманда мусиқа ва санъат мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Бундай санъат кошоналарида ўқишни орзу қилиб ўсдик ва мана шундай жойларда болалар билан биргаликда куйлаш, улар билан санъат сирларини ўрганиш бахтига эришиб турибмиз. Бу эса мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор ва имконият натижаси деб ўйлайман.
Ҳақиқий санъат ижодкорнинг бедор қалби, онги ва ҳаловат билмас вужудининг ич-ичидан яралади ва унинг умри асрларга татийди.
ВИЛОЯТДА ИККИНЧИ ЎРИН
Дилноза ҲАСАНОВА.