Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилиши шаҳар ва туманлар, жумладан, қишлоқ жойларда марказлаштирилган сув таъминоти ҳолатини тубдан яхшилаш имконини бермоқда.
Айтиш жоизки, ¤збекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “2017 — 2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги Қарори ана шу муҳим вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва у аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, 2017 — 2021 йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг барча ҳудудда сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.
ЎзЛиДеП туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан Зармитан маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Зармитан қўрғонида истиқомат қилаётган аҳоли турмуш тарзи, томорқалардан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Бу ерга аҳоли Зармитан қўрғонида ўрталик каръер очилиши муносабати билан давлат режаси асосида кўчириб келтирилган. Ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, бу ерда истиқомат қилаётган 248 нафар оила ҳатто тоза ичимлик суви билан ҳам таъминланмаган экан. Энг ачинарлиси, аҳоли хандақлардаги тўпланган сувлардан ичимлик суви сифатида фойдаланаётганининг гувоҳи бўлдик.
Бундан ташқари электр энергияси билан таъминланмаган хонадонларнинг мавжудлигига нима дейсиз?
Массивдан унчалик узоқ бўлмаган жойда “Тўсинсой” сув ҳавзаси жойлашган. Ушбу ҳавза аҳоли учун ҳам хизмат қилиши белгиланган. Лекин, афсуски аҳоли ушбу сув ҳавзасидан умуман фойдаланмаяпти.
Сув муаммоси бўйича аҳоли томонидан мутасадди ташкилотларга мурожаат этилганда Давлат дастурига киритиш кераклигини айтишган. Хўш, ушбу масалани дастурга кимдир киритиши керакку, бу каби муаммолар устида мутасаддилар изланиши керак эмасми? Бугун давлат режаси асосида қурилган уй-жойлар ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланишига барчамиз масъул бўлишимиз керакку.
Хуллас, янги ташкил этилган Зармитан қўрғонида сув масаласи бўйича муаммолар ва мурожаатлар талайгина. Кўпгина масалаларнинг ечими эса мутасаддиларнинг ташаббуси ва ғайратига боғлиқ.
Б.ШУКУРОВ,
туман кенгаши депутати,
ЎзЛиДеП аъзоси.