Жўш қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида туман ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси томонидан “Битирувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда уларга тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш” мавзусида тадбир ўтказилди.
Унда коллеж педагоглари ва ўқувчилари билан бир қаторда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар ҳам иштирок этди.
-Мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбияси, ижтимоий муҳофазаси, жумладан бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади,-деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов. -Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳоли бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Инвестиция, маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши, молия ва банк тизимининг барқарорлиги иш ўринлари кўпайишига, ёшлар бандлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратиб бермоқда.
Қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари улар ўқишини тугатганидан кейин эмас, балки ундан анча олдин кўрилаётгани, айниқса, муҳимдир. Коллеж-корхона ҳамкорлигини йўлга қўйиш, битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, бўш иш ўринлари ярмаркаларини тизимли ўтказиш, иш берувчиларга берилган имтиёзлар, ёшлар ўз ишини ташкил этишига кўмаклашиш, имтиёзли микрокредитлар ажратиш каби тадбирлар амалда ўз самарасини бераяпти.
Умуман, бугунги кунда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, ўз бизнесларини бошлаш имкониятларини яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда Ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятини мувафаққиятли амалга ошириш учун энг камида қуйидаги билим, тажриба, кўникмага эга бўлиши лозим.
У тадбиркор сифатида моҳир ишбилармон, ўз соҳасини пухта эгаллаган, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ходимлар билан ўзаро мулоқотда бўлиш ва уларни қалбига йўл топа билиш, бозор конюнкьтураси ва менежмент каби йўналишларда муайян тажриба ва тасаввурга эга бўлиши шарт.
Учрашувда савол-жавоб, таклиф-мулоҳазаларга кенг ўрин берилгани тадбирнинг самимий ва амалий руҳда ўтишини таъминлади.
- Мен АРМ мутахассислиги бўйича битирганман,-дея ўз таклифини билдирган Умида Нурлибоева. -Мутахассислигим бўйича бирон-бир иш топа олмадим. Жўш марказида биронта кутубхона йўқ. Лекин китоб ўқишга чанқоқ қанчадан-қанча ёшларимиз бор. Шу мақсадда Жўшнинг марказидан кутубхона очиб, ўз иш фаолиятимни йўлга қўймоқчиман. Бу эса яна 2-3 иш ўрни яратилади дегани. Ушбу иш юзасидан менга амалий ёрдам беришларингизни сўрайман?
Ушбу таклиф мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиши, яқин кунлар ичида Жўш марказидан кутубхона очиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланиши лозимлиги тўғрисида мутасаддиларга кўрсатма берилди.
Шунингдек, учрашувда Х.Шерназаров деҳқон хўжалигини ташкил этишда банклардан нақд пул олиш, Р.Қўшбоқов банклардан коллеж битирувчилари учун имтиёзли кредит олиш хусусида мурожаат қилдилар.
Ушбу мурожаатларга мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини, маслаҳатларини ва амалга ошириш бўйича тавсияларни бериб ўтишди.
Учрашувда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, Адлия вазирлиги ўринбосари М.Истамовлар иштирок этишди.
ЁШЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА
Ўз мухбиримиз.