Республикамизда ҳамда вилоятимизда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туманимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бунга Президентимизнинг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатда туризм салоҳиятини юксалтириш соҳасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, Ўзбекистонни сайёҳлик ривожланган давлатга айлантириш борасида муҳим омил бўлмоқда.
Туманда эко ва агротуризмни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратилаяпти. Чунки туманнинг табиати, табиий шарт-шароитлари айнан шу соҳаларга мосдир.
Қўшработ Нурота тоғларига уланиб кетган Оқ тоғ ва Қора тоғ деб номланган тоғлар орасида жойлашган ҳудуд. Дам оладиган, томоша қиладиган масканлар кўп. Тоғ дараларидан оқиб тушаётган тоза суви, кислородга бой сўлим ҳавоси, дарахтзорларга бойлиги, турли-туман ўт-ўланларнинг сероблиги жуда ёқимли ва кишининг кўнглига роҳат бағишлайди. Чўққиларга чиқиш, какликларнинг сайрашини эшитиш, тулки, бўри, оҳу (кийик), архар ва бошқа турдаги ҳайвонларни табиий шароитда кўриш сайёҳларнинг қизиқишларини оширади.
Туманда сайёҳларни ўзига ром этадиган диққатга сазовор жойлар, моддий-маданий мерос объектлар, қадамжолар ҳам анчагина. Шулардан бири халқ оғзаки ижодининг буюк намоёндаси, Қўрғон қишлоғида туғилиб ўсган бахши-шоир Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейидир. Унда бахшининг ҳаёти ва ижодий фаолиятига доир маълумотлардан ташқари 2500 дан зиёд экспонатлар бор. Унга 1978 йилда халқ музейи мақоми берилган.
Музейнинг ташкил этилишида қўрғонлик ўқитувчи, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг авлодларидан бири Ойдин Синдоров деган маърифатпарвар инсоннинг хизматлари беқиёс бўлган. У экспонатларни йиғиш учун 20 йилдан ортиқ вақтини сарфлаб, нафақат Қўшработ тумани, балки қўшни Нурота, Пайариқ, Булунғур, Хатирчи, Иштихон туманларида яшовчи аҳоли билан учрашиб, уларда сақланиб келинаётган ўша даврга оид буюм ва ашёларни – экспонатларни жамлаган. Эътиборли жиҳати яна шундаки, экспонатлар асосини шоирнинг қаламдони, чопони, кўрпа-ёстиқлари, кийган калиши, ўзи ясаган сандали, сандиқчаси, милтиғи, қўл тегирмони (ярғичоқ) каби ашёлар ташкил этади.
Бундай олижаноб ишда Ойдин Синдоровга Ўзбекистон фанлар академияси академиги, етук археологик олим Яхё Ғуломов маслаҳатчи бўлган, уни музейни яратиш орзусини амалга оширишга руҳлантирган. Бу ташаббусни республикамизнинг буюк олимлари Ходи Зариф, Вохид Абдуллаев, Акбар Отахўжаев, Тўра Мирзаев, Музайяна Алавия ва бошқа бир қатор фольклоршунослар ҳамда раҳбар ходимлар қўллаб-қувватлаганлар. Уларнинг маслаҳати ва амалий ёрдами билан халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг қабри пастки Қўштамғали қишлоғидан музей жойлашган Қўрғон қишлоғидаги боғга кўчирилди. Мақбара ва ҳайкали ўрнатилган. Ярим асрдан ошдики, бу жой халқимизнинг зиёратгоҳига айланган. Бу ерга мамлакатимизнинг кўплаб вилоятларидан олимлар, шоирлар, шунингдек, хорижий сайёҳлар келиб туришади. Қўрғон қишлоғи атрофидаги Жўш, ҚўштамҚали, Чиноқ, Қоракисса, Тепалик ва бошқа узоқ-яқин қишлоқларда яшовчи аҳоли, мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари учун эътиборли масканга айланиб қолган.
Улуғ қадамжолардан яна бири туманимизнинг Шова қишлоғидаги домла Камолиддин Олим ўғли номидаги жомеъ масжиддир. Бу муҳтарам зот 1868 йилда ана шу қишлоқда дунёга келган. Аллоҳнинг иноятига қарангки, Камолиддин Олим ўғли жуда ёшлигидан зеҳнининг ўткирлиги, зукколиги, қобилиятлилиги билан кўпчиликнинг назарига тушади. Бундан хурсанд бўлган акалари Жонтемир ва Халил у кишини Шова қишлоғининг юқорисида жойлашган Пангат қишлоғидаги масжидга ўқишга берадилар. Бу масжиднинг ўша пайтдаги имом-хатиблари Бухоро мадрасасасини битирган Мулло Усмон ҳамда Авлиёхўжа эшон ғоят иқтидорли бу йигитни ўз ҳомийликларига олиб, Бухорои шарифдаги олий мадрасага ўқишга юборадилар. 1904 йилда мадрасани битириб чиқади. Ўткир қобилияти ва иқтидори туфайли унинг номи элга, ҳатто араб мамлакатларига ҳам таралади. Шу билан бирга Камолиддин Олим ўғлининг авлиёлик сифатлари ёрқин намоён бўлиб, Нақшбандия тариқати бўйича ўттиз икки авлиё сифатида мусулмон оламида тилга олинади. Эски мустабид тузим даврида қаттиқ таъқиб қилинишига қарамасдан уйига зиёратга келувчиларнинг кети узилмасди. Домла ислом маърифатини, дину диёнатни ҳар қандай хуружу тўфонлардан сақлаб қолишга ва кейинги авлодларга етказишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Аллоҳнинг қудратини қарангки, минглаб кишилар дафн этилган қабристонда фақатгина ана шу улуғ авлиёнинг ҳамда унинг турмуш ўртоғи Буватин момо (асл исми Ҳалима бўлган)нинг қабрларидан қамиш кўкариб чиққан.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хусусан муқаддас динимиз қайта тиклангандан кейин юртимиздаги кўплаб улуғ аждодларимиз қатори Камолиддин Олим ўғлининг ҳам эл-юрт олдидаги хизматлари ўз рўёбини топди, унинг буюклиги янада ёрқинроқ намоён бўлди ҳамда номи абадийлаштирилди. Шова қишлоғидаги уй-жойлари асл ҳолига келтирилди, масжиди, боғ-роғлари замонавий тарзда қайта қурилди, ободонлаштирилди. 2002 йилда бу жой уй-музейига айлантирилди. Унинг очилиш тадбирида ўша вақтда Самарқанд вилоятининг бош имом-хатиби бўлиб ишлаб турган, ҳозирда муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов иштирок этган.