Мурғак қалб соҳибларининг эндигина тетапоя бўлган йилларидан алоҳида шахс бўлиб камол топиш даврига қадар ўтган вақт давомида уларга етарлича шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш, Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг жойлардаги ижросини таъминлаш мазкур соҳа истиқболи учун ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Заркент қўрғонидаги 13-сонли мактабгача таълим муассасасида соҳа вакиллари ҳамда вилоят МТМ ходимлари иштирокида айни шу масалаларга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди. Семинар доирасида “Бола шахсини шакллантиришда таълим дастурининг ўрни”, “Оила ва маҳалла ҳамкорлигининг самараси”, “МТМларда ташкил этилган спорт ўйинлари орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” ҳамда “МТМ ҳудудида бола ёшини инобатга олган ҳолда “Эртаклар шаҳарчаси”ни ташкил этиш” сингари мавзулар юзасидан очиқ дарслар ташкил этилди.
- Халқимиз азал-азалдан бола тарбиясига ниҳоятда масъулият билан қараган, - дейди вилоят МТМ ҳудудий назоратчиси Н.Холбўтаева. – Президентимизнинг узлуксиз таълим тизимида, энг аввало, бола шахсининг шаклланишида дастлабки омил саналмиш мактабгача таълим муассасаларига эътибори замирида ҳам айнан халқимизга хос миллий анъана ва қадриятларимиз мужассам. Мазкур семинардан кўзланган мақсад таълим самарадорлигини ошириш, болажонлар ва тарбиячи-мураббийлар ўртасида устоз-шогирд анъанасини ривожлантириш ва соҳага доир қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлашдан иборат.
Тадбир давомида, шунингдек, тарбиячининг билим ва иқтидорини ривожлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида туман МТМ тарбиячилари учун очиқ дарслар ҳам ташкил этилди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.