Самарқанд шаҳрида олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг талаба ва ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан ўтказиб келинаётган анъанавий “Адолат билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Партиянинг “Куч — адолатда” лойиҳаси доирасида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини юксалтириш, уларни Конституциямиз ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилиятини, нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантиришдан иборат бўлган танловда туманимиздаги Педагогика коллежи талабаси Зарина Шеронова ғолибликни эгаллади.
– Сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимларимизни синаб кўриш имконини берувчи ушбу танловда биринчи ўринни эгаллаганимдан жуда хурсандман, – дейди З.Шеронова. – Юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларга оид саволларга имкон қадар аниқ жавоб бердим. Энди унинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим – тарбияни янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқаруви моҳияти ҳақида ёш авлодга тушунчалар бериш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ёшларнинг иштирокини таъминлаш ва ёшларни ижтимоий – ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг сиёсий фаоллигини янада оширишни мақсад қилган.
Ҳафиза БЕКЖОНОВА,
педагогика коллежи ўқитувчиси.