Тинчлик, осойишталик! Чиндан-да бу улуғ неъматлар, эришаётган жамики ютуқларимиз, ҳаётимиз фаровонлиги асоси эканлигини доим ҳам ҳис қиламиз, унинг барқарор бўлмоғи учун ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, хизмат бурчини сидқидилдан адо этаётган инсонларнинг меҳнатини доим ҳам эътироф этамиз. Уларнинг сафида ички ишлар идоралари ходимлари ҳам бор.
Ҳа, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар идоралари ходимларининг хизматлари алоҳидадир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 сентябрда имзолаган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда ички ишлар органларининг вазифа ва ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланди. Ушбу органнинг ваколатлари доирасида 16 та асосий йўналиш бўлиб, улардан бири давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашдир.
Таъкидлаш жоизки, туманимиз бўйича қўриқдаги объектлар сигнализация воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. Шунингдек, қўриқланаётган халқ хўжалиги объектларини замонавий қўриқлаш-ёнғин сигнализация воситалари билан жиҳозлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирги пайтда туман ички ишлар бўлими қўриқлаш бўлимида томонидан 6 та объектлар қўриқлаб келинмоқда.
Ҳозирги кунда қўриққа олинган объектлар замонавий қўриқлаш тизими, яъни рақамли, модемли телефон тармоқлари, GSM уяли алоқа каналлари ҳамда ультра-қисқа тўлқинли радио тармоқлари, сервер, тармоқ ва ёрдамчи ускуналар билан жиҳозланган. Замонавий технологияларнинг соҳага жорий қилиниши, аввало, объектларни ишончли қўриқлашга кенг имконият яратмоқда. Бундан ташқари, видеокузатув мосламалари инсон ҳаёти ва соғлиғини таъминлаш, кириб-чиқиш назоратини кучайтириш, транспорт воситаларини қўриқлаш, террорчилик ҳаракатларига қарши самарали курашиш учун узоқ масофадан аниқлайдиган қурилмалар ёрдамида объектларни қўриқлашда қулайликларни яратмоқда. Телефон мавжуд бўлмаган жойларда эса GSM уяли алоқа каналлари орқали қўриқлаш амалга ошириляпти.
- Ўн уч йиллик меҳнат фаолиятим давомида, авваламбор, адолатни ҳимоя қилишни, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашни асосий вазифам деб билдим, - дейди туман ИИБ қўриқлаш бўлими ходими, сафдор Б.Ибрагимов. - Кейинги йилларда ички ишлар тизимига қаратилаётган юксак эътибор ва шарт-шароитларнинг замирида, албатта, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек муҳим вазифа ётади. Туманимизда ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасидаги фаолият изчил такомиллаштирилмоқда.
Ички ишлар органлари қўриқлаш хизматини замонавий технологиялар билан таъминлаш, техник қўриқлаш пунктлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Буларнинг барчаси хизмат самарадорлиги ва тезкорлигини оширишга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни таъминлаш, кадрларни тайёрлаш ва аҳолинининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ички ишлар ходимларини 25 октябр – Ички ишлар ходимлари куни билан муборакбод этамиз.
Бобур МАМАДИЁРОВ.