Мамлакатимизда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзида мамлакатимизнинг мустақиллик шароитида ривожланишининг ҳуқуқий асосларини тамал тошларини белгилаб бериш билан бирга, уларни жамият ҳаётида реал амалга оширишнинг механизмларини белгилаб берувчи конституциявий қоидаларнинг мавжудлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Таъкидлаш жоизки, бугунги ижтимоий воқелигимиз ушбу эътирофимизнинг қанчалик хаққонийлигини кўрсатиб турибди. Бинобарин, республикамизнинг Конституцияси қабул қилинганидан буён йигирма етти йил вақт давомидаги тараққиёти, мазкур Конституциямизнинг нақадар етук ва нуфузли ҳужжат эканлигини тўла тасдиқлади. Агар демократик тараққиётимизни муайян босқичларида эришилган ижобий натижаларимизни муфассал таҳлил қиладиган бўлсак, бунга яна бир бор амин бўламиз.
Булар қуйидагиларда намоён бўлади:
Биринчидан, мустақил тараққиётимизда мамлакатимизда демократик янгиланиш ва сиёсий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларни яратишда муҳим натижаларга эришилди. Бинобарин, мазкур норматив ҳуқуқий база бугунги кунда республикамизнинг ўтиш даврида амалга ошираётган ислоҳотларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга асос бўлиб хизмат қилмоқда.Иккинчидан, Давлат ҳокимиятининг асосий тармоғи ҳисобланган Қонунчилик ҳокимияти, яъни парламент фаолиятини такомиллаштириш борасида мамлакатимиз Конституцияси асосида мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий тизим барпо этилди. Унга кўра 1994 йил 25 декабрда илк бор демократик ва кўппартиявийлик асосида янги типдаги парламент – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси шакллантирилди. Ўз фаолияти давомида Олий Мажлис, шубҳасиз, Қонунчилик, давлат бошқаруви, ўтиш даври қийинчиликлари келтириб чиқарган ижтимоий муаммоларни ечиш соҳаларида салмоқли тажрибага эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қабул қилган қонунлар мажмуи ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларини демократлаштиришнинг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этди. Ўзбекистонда қисқа муддат ичида икки палатали парламентнинг ҳуқуқий асослари яратилди, миллий парламентга хос вазифалар ва ваколатлар ҳамда унинг қонун ижодкорлиги, парламентлараро алоқалар, ижро ҳокимиятини назорат этиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятининг қатор асосий йўналишлари белгиланди. Ижтимоий вазифаларни ечишда парламент ролининг тобора ортиб бориши, парламентар демократияни ривожлантириш, унинг назорат қилиш функциясини кучайтириш, кенг жамоатчиликни қонунчилик жараёнига жалб қилиш заруриятини белгилаб берди.
Учинчидан, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ижтимоий воқелигида кўппартиявийликнинг шаклланиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Бинобарин, ҳозирги кунда ушбу ҳолат сиёсий ҳаётни ташкил қилишнинг доимий ҳаракатда бўлган асосий конституциявий принципига айланиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз сиёсий майдонида бешта партия фаолият юритмоқда.
Ҳозирда мазкур партиялар томонидан муайян сиёсий тажриба орттирилди, ушбу партиялар жамиятда ўз ўрнини топиш, ўзининг барқарор электоратига таяниш асосида ўз дастурий вазифаларини амалга оширмоқдалар. Бугунги кунда сиёсий партиялар мавжуд конституциявий ҳуқуқ меъёрларига амал қилган ҳамда фуқаролариинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмаган ҳолда мамлакатимизда шаклланган сиёсий жараёнлар ва муносабатлар таомиллари доирасида муқобил сиёсий йўлларни ифода этувчи восита сифатида фаолият кўрсатиб келмоқдалар.
Бинобарин, партияларнинг энг муҳим мақсади, бу — манфаатни ўзлари қондириши лозим бўлган ижтимоий қатламлар ваколатларини сиёсий тизимда ифода этишдир. Партиялар турли ижтимоий гуруҳлар, қатламларнинг манфаатлар ваколатларини жамиятнинг сиёсий тизимида ифода этиш йули билан давлат ва жамият ўртасидаги боғловчилик ва воситачилик функцияларини бажарадилар, шу билан бир вақтда, улар жамиятнинг яхлитлиги ва бир бутунлигини таъминлайдилар.
Тўртинчидан, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада эркинлаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳуқуқий давлат барпо этиш вазифаси одил судловни амалга ошириш соҳасида туб ўзгартиришлар қилишни — уни давлат ҳокимиятининг чинакам мустақил ва эркин тармоғига айлантиришни талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳокимиятнинг ушбу тармоғига “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти» деб номланган XXII боб бағишланган. Унинг 106-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидаи мустақил ҳолда иш юритади”, — дейилади.
Бешинчидан, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан, техника ва технологияларнинг ютуқлари асосида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шартидир.
Бугунги кунда халқимизнинг бой интеллектуал мероси ва маданияти, замонавий технология, фан ва техника ютуқлари асосида мутахассис кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш мамлакат ривожланишининг муҳим шарти эканлиги кўпчиликка аён бўлиб қолди.
Яқин ўтмишдан мерос қолган таълим тизими, шунингдек кадрлар тайёрлаш тизими республикада амалга оширилаётган демократик ва бозор иқтисодиётига оид ўзгаришлар талабига жавоб бермасди. Шу боис уч йил давомида таълим тизимини жадал ислоҳ қилишга киришилди. Айни пайтда мамлакатимиз таълим соҳасида мактабгача таълим муассасаларидан тортиб академиягача бўлган замонавий, янги таълим тизими вужудга келтирилмоқда.Таъкидлаш жоизки, таълим муассасалари, мактабларнинг жамият ижтимоий ҳаёти ва ривожидаги аҳамияти бениҳоя каттадир. Аҳолининг саводхонлиги ва билим савияси қанчалик юқори бўлса, жамият равнақи шунчалик жадаллашади, ижтимоий турмуш муаммоларининг оқилона ҳал этилиш имкониятлари шунчалик ортиб боради. Ёш авлоднинг мустаҳкам ва чуқур билимли бўлиши жамият маданий ва демократик тараққиётининг гаровидир.
Олтинчидан, маълумки, жамоат ташкилотлари фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий институти ҳисобланади. Ушбу ташкилотларнинг ривожланганлиги билан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликларининг ҳимоя қилинишига замин яратилади, ҳаётнинг барча соҳаларида уларнинг манфаатлари тўла ифода этилади, жамият ва давлат фаолиятида ушбу ташкилотлар орқали фуқароларнинг кенг иштироки таъминланади, давлат бошқарув фаолияти устидан уларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини шакллантиришга доир ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари яратилган ва улар янада такомиллаштирилмоқда. Аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, шунингдек Олий Мажлис томонидан қабул қилинган бир қанча қонунларда жамоат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилди. Жумладан, Конституциямизнинг ХIII-боби “Жамоат бирлашмалари” деб номланган бўлиб, унда жамоат бирлашмаларининг турлари, фаолият кўрсатиш тартиби, давлат билан ўзаро муносабатлари каби нормалар мустаҳкамланган. Ушбу нормалар қуйидаги қонун ҳужжатларида ривожлантирилди: “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз асосида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг барча истиқбол йўналишларини муваффақиятли амалга ошириш жамият-давлат қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ва эркинлаштиришнинг натижаларигина эмас, балки муҳим шарти ҳам бўлиб қолади, давлатнинг танланган ривожланиш йўлидаги “кучли давлатдан кучли фуқаролик сари” дастурини амалда бажарилишини таъминлайди.
М.НАЖИМОВ,
Тошкент давлат Юридик университети профессори.