Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро тотувликни таъминлашни мустаҳкамлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Конституциямизда мустаҳкамланган фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги тамойиллари ҳамда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари томонидан мазкур йўналишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада шундай дейилади: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5046-сон Фармонига мувофиқ Республика байналмилал маданият маркази ва дўстлик жамиятларининг Марказ негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасини ташкил этилди.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек 34 дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга оширмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асносида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Хусусан, охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги фармонлари орқали Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 2,5 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик берилди. Бу эса уларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини тўла амалга ошириш ва мамлакат ҳаётида бевосита ва билвосита иштирок этиш имконини беради.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларни “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиори остида юқори савияда, ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бўлиб ўтадиган сайловларнинг натижалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ҳамда маънавий соҳалардаги ислоҳотлар ривожланишининг кейинги истиқболларини белгилаб беради. Сайловларнинг демократик, очиқ, ошкоралик, қонун устуворлиги каби тамойиллар асосида ўтиши кўп жиҳатдан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий вазият ҳамда мукаммал сайлов ҳуқуқи асосларининг мавжудлигига боғлиқ бўлади.
Мамлакатимизда давлат ҳокимияти органлари ва институтларини сайловлар йўли билан ташкил этиш борасида халқаро нормалар ва андозаларга тўла мос келадиган тажриба шакллантирилди. Энг муҳими, сайловларни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, яъни қабул қилинган Сайлов кодекси халқаро стандартлар ва андозалар талабларига мос равишда яратилган.
Маълумки, демократия ҳақида сўз борганда “миллати, дини, ирқи ва ҳоказолардан қатъи назар...” сўзлари бирикмаси, албатта тилга олинади. Сабаби демократиянинг асосий талаби ва принципи шу: инсонга турли мансубликларидан қатъи назар тенг ҳуқуқ бериш.
Шу боисдан ҳар бир фуқаронинг демократик ҳуқуқларини таъминлаш, байналмилалчилик ва миллий озчиликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўзгаришларни мунтазам амалга ошириш керак.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ, бу эса чуқур демократик ислоҳотларнинг бошланишига олиб келди. Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида юртимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш белгиланганлиги замонавий давлатнинг мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорликни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишинидан иборатлигида намоён бўлади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакти Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган ҳамда мазкур ҳуқуқий ҳужжатлардаги нормалар миллий қонунчилик тизимига сингдирилган.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра миллий озчилик ўз манфаатларини давлат ва жамият ишларида ҳамда вакиллик органларига сайловларда иштирок этиш орқали амалга оширишга тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Бу сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сиёсий партиялар тузиш ҳуқуқи кабиларда намоён бўлади. Мамлакатимизда барча фуқаролар миллатидан қатъий назар тенг сайлов ҳуқуқига эга. Конституцияга кўра, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгиланган бўлиб, улар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг
4-моддасига мувофиқ, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда сайлов бюллетенлари ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилиши мустаҳкамланган. Амалда, кам сонли миллатларнинг сайловда иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Маълумки, сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида сайловчилар номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашда муҳим ўрин тутади. Турли миллатлар манфаатларини инобатга олган ҳолда, сайловолди ташвиқот материаллари уч тилда, яъни ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилади, номзодлар ҳам шу тилда ташвиқот олиб бориш имкониятига эга. Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.
Сиёсий партиялар ўз партиявий газетасини ўзбек ва рус тилларида, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида чоп этади. Республика миқёсидаги газеталар томонидан номзодларга ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тилларида ташвиқот учун бепул нашр майдони яратиб берилган. Масалан, “Народное слово”, “Овози тожик” ва “Нурлы жол” газеталарида турли тилларда маълумотлар нашр этилади.
Бўлиб ўтадиган сайловлар ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ифода этишга ва ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, ҳалқнинг муаммоларини ўрганиб чиққан ҳолда энг долзарб масалаларни кўтариш, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий зиддиятларнинг олдини олиш учун миллий озчилик манфаатларини ва қонунчилик ташаббуслари сайловчиларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқишини таъминлашга қаратилган.
Ушбу муҳим сиёсий жараён бўйича хорижий оммавий ахборот воситаларида қатор хабар ва янгиликлар бериб борилмоқда. Хусусан, Туркиянинг “Anadolu” янгиликлар агентлиги мухбирларининг фикрича, мазкур сайловлар мамлакатни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган демократик ғоя ва тамойилларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлишига ишонч билдирилади. Замонавий Ўзбекистон сиёсий ҳаётида, “Anadolu” ёзганидек, кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилмахиллиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.
АЈШнинг “MENAFN” агентлиги томонидан берилган материалда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, парламент сайловларига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш ниятини билдиргани хабар қилинади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ўзгартирди. Кўриниб турганидек, барча фуқаролар, жумладан кам сонли миллатларнинг вакиллари бўлган фуқаролар ҳам тенг равишда Конституция ва қонунларга мувофиқ мавжуд ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланишлари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган. Жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён ҳисобланган сайловлар эса уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашнинг асоси ҳисобланади.
З.МАҲМУДОВ,
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи.
Х.ТУРДИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.