“Кончи” маданият уйида Заркент шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисм ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишлаб байрам тадбири ўтказилди. Байрам тадбирида туман Адлия бўлими бошлиғи М.Рауфов, туман прокурорининг ўринбосари В.Ҳайдаров Конституциямизнинг яратилиш тарихи, бошқа давлатлар конститициясидан фарқи, фуқароларга, айниқса ёшларнинг ижтимоий ҳуқуқлари, оила ва кексалар олдидаги мажбуриятлари, Қуролли кучларимизнинг тузилиши ҳамда давлат суверенитетини сақлашда конституциямизда назарга тутилган моддалар тўғрисида кенг тушунчалар бердилар.- Мустақил мамлакатимизнинг бош Қомуси инсон манфаатларини ҳимоя қиладиган, унинг эркинлиги ва ҳуқуқларини кафолатлайдиган асосий ҳужжатдир,-деди М.Рауфов. -Конституцияда ҳарбий қурилиш соҳасини тартибга солувчи нормалар белгиланган. Булар Конституциянинг 125 ва 126-моддаларида, шунингдек 93, 17, 52, 57-моддаларида мустаҳкамланган. Бу нормалар мудофаани ташкил қилишга йўналтирилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасини бевосита қуролли ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлардан иборатдир.
Конституциянинг 125-моддаси, биринчи қисмига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади” дейилган. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари мудофаа мақсадларида ташкил этилади.Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ҳамда олдини олиш, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан ташкил этилган ва сақлаб турилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ва қисмларни, шунингдек, бошқа ҳарбий тузилмаларни ўз ичига олади.
Давлатнинг мудофаа ва миллий хавфсизлигини таъминлаш энг асосий ва энг муҳим функциялардан бири ҳисобланади ва мамлакат суверенитети дахлсизлигини таъминлайди. Давлат суверенитетини, хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминламай туриб, ўзининг стратегик мақсадларига эриша олмайди, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа функцияларини бажара олмайди. Кучли давлат тузуми, аввало, мамлакатнинг мудофаа қобилиятига суянади.
Тадбир давомида “Кончи” маданият уйи ёш хонандаларнинг чиқишлари барчага яхши кайфият улашди.
Т.ХАЛИЛОВ.
