Асосий Қонунимиз бўлмиш Конституциямиз қабул қилган куннинг 26 йиллиги байрами муносабати билан 7-декабрь куни туманимиз марказидаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ташкилотлари, муассаса ва корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, нуронийлар вакиллари, фермер ва тадбиркорлар иштирок этди.
Байрам тадбирида сўзга чиққан туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев йиғилганларни байрам билан табриклаб, Бош Қомусимизнинг мустақил ва демократик республикамиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
-Йигирма олти йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди,-дея таъкидлади нотиқ.
Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни энг аввало Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта бежиз эмас. Нега деганда, Асосий Қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.
Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.
Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош Қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.
Фуқароларимизнинг Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш борасида йил давомида туманимизда кам таъминланган оилалар учун 32 та арзон уй-жойлар қурилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 12 та оиланинг янги уй-жойлар учун бошланғич бадали тўланиб, 25 та кам таъминланган оилалар уй-жойи тўлиқ таъмирлаб берилди.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган оилалар учун 104 та газ плита ва маиший техникалар, ногиронлиги бор фуқаролар учун 112 та ногиронлик аравачалари, 14 та эшитиш мосламаси, 15 та қўлтиқ таёқ, 30 та хасса, 12 та протез-ортопедиялар тарқатилди.
Ногиронлиги бўлган ва нафақа ёшидаги фуқароларнинг даволаш-профилактика муассасаларида бепул даволаниши учун 275 та йўлланма ажратилди.
Бутун мамлакатимизда бўлганидек, туманимизнинг ҳам қиёфаси тобора чирой очиб бомроқда. Бу бевосита халқимизнинг даромадлари кўпайиб, ҳаёт фаровонлиги ошиб бораётганининг тасдиғидир. Жорий йилнинг ўзида туман маркази тубдан ўзгариб кетди. Кўчалари бутунлай янги қиёфага эга бўлдики, бундан уч-тўрт йил олдин кўрган киши бугун келиб назар солса, таниёлмай қолиши аниқ. Асосий йўлларнинг икки томонида бунёд этилган савдо, маиший хизмат кўрсатувчи биноларни кўрганда ким ҳам қувонмайди, дейсиз.
Қишлоқларимиз чиройига ҳам чирой қўшилиб бормоқда. Уларнинг қайси бирига борманг, янги қурилган ёки қурилиши давом этаётган гўзал уй-жойларга кўзингиз тушади. Чорва моли, боғ-чорбоғи йўқ оилани кўрмайсиз, Автомашиналар сони тез суръатларда кўпайиб бораётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўзбек халқининг эзгу ниятларидан бири бўлган тўй-томошаларнинг кети узилмайди. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан аҳолини бахтли-саодатли қилиш йўлида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий ижобати, Конституциямизнинг шарофати туфайлидир.
Шунингдек, тадбирда туман прокурори Д.Кўбаев, туман Адлия бўлими бошлиғи М.Рауфовлар Конституциямизнинг қабул қилиниши тарихи, унда белгиланган қоида ва тамойиллар мазмун-моҳияти хусусида сўз юритдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги байрамига бағишланган тадбир туман маданият бўлими ҳамда санъат мактаби ўқувчи ёшларининг куй-қўшиқ ва рақслари билан якунланди.
Ўз мухбиримиз.