Туман халқ таълими бўлимига қарашли 50-умумтаълим мактабида “Бошланғич синфларда таълим-тарбиянинг ўрни” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда тумандаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчилари иштирок этди.
Қайд этиш лозимки, мазкур таълим муассасасига кираверишингиз билан ундаги озодалик, ободонлаштириш ишларини кўриб кўнглингиз кўтарилади. Қолаверса, мактабда тарих фани ўқитувчиси Қ.Мухторов ташаббуси билан ташкил этилган Қовунчи қишлоғининг қарийб икки, уч асрлик тарихидан сўзловчи музей ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳамда улар қалбига бугунги дориломон кунлар учун шукроналик туйғуларини сингдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўқув-семинарда туман халқ таълими бўлими услубчиси Дониёр Тошбоев бугунги юксак ахборотлашув даврида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, олий ва ўрта таълим муассасаларини етук кадрлар билан таъминлашни замоннинг ўзи тақозо қилаётган бир пайтда сабоқ жараёнларини ҳам бугуннинг руҳи билан олиб бориш таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўқувчини болалик давриданоқ илм-маърифатга қизиқтириш, таълим жараёнларига фаол жалб этиш бошланғич синф ўқитувчиларидан улкан меҳнат ва саботни талаб этади. Дарсларни инновацион технологиялар воситасида олиб бориш билан биргаликда бугунги таълим ўқитувчидан актёр ва етук руҳшунос бўлишни ҳам тақозо этади.
Семинарда 50-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, халқ таълими маорифи аълочиси Б.Жанибековнинг ўқувчилар билан интерфаол, ноанъанавий усулда ўтган очиқ дарси кузатилди.
Тўғриси, Б.Жанибековнинг геометрия ва математика фанларидан “Михли доска” кўргазмали қуроли нафақат вилоятимиздаги, балки республика миқёсида оммалаштирилди. Шунингдек, бошланғич синфлар учун “Кўпайтириш жадвали” ҳамда она тили фанидан “Ўргатувчи ва кўрсатувчи” кўргазмалари ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.
- Юксак ахборот технологиялари билан қуролланган бугунги даврда ўқувчиларни маъруза билан сабоқ жараёнларига қизиқтириш қийин, - дейди Б.Жанибеков. –Биз замонга, ўқувчи руҳиятига мослашишимиз шарт. Лозим бўлса, сабоқ жараёнларига интернет ва телефон сингари ёшлар орасида кенг оммалашган ахборот узатиш воситаларини ҳам жорий этишимиз керак.
Семинар давомида, шунингдек, 82-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси С.Тошбоеванинг кўргазмали дарси ҳам ташкил этилди.
***
12-умумтаълим мактабида “Ноябрь - рус тили ва адабиёти фан ойлиги” доирасида фан ўқитувчиларининг ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда 4, 5-синфларда ўқитувчилар Сабоҳат Улашова ҳамда Олима Хўжабековаларнинг дарсларини кузатиб, таҳлил қилишди.
-Олима ҳам, Сабоҳат ҳам электрон дарсликлардан фойдаланиб, дарсни қизиқарли қилиб ташкиллаштирган, - дейди 13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Муборак Ахмедова. - Сабоҳат тарқатма материаллардан фойдаланган бўлса, Олима қўлда ясалган кўргазмали қуроллардан фойдаланди. Болаларнинг рус тилида жўр бўлиб куйлашлари ажойиб тарзда ташкиллаштирилган. ¤қув-семинардан мен ҳам ўзимга керакли бўлган жиҳатларини олдим ва буни албатта дарсларимда қўллайман.
Очиқ дарслар якунида ўқитувчиларнинг ютуқ ва камчиликлари муҳокама этилди. Муҳокама жараёнида туман халқ таълими бўлими услубчиси Нилуфар Ҳамроева таълим муассасаларида рус тили ва адабиёти фанининг самарадорлигини оширишда фан ўқитувчилари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди. Бугунги ёшларнинг бир неча хорижий тилларни билиши, шу қатори рус тилини ўрганишида фан ўқитувчиларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Семинар якунида мактаб ўқувчилари томонидан рус адабиёти намоёндалари ижодидан саҳналаштирилган “Јизил қалпоқча”, “Буратино” каби эртак қаҳрамонлари ролларини ижро этган ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари, рус тилида ўқиган шеърлари ҳамда куйлаган қўшиқлари барчага яхши кайфият улашди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ,
Дилноза ҲАСАНОВА.