Туман марказидаги 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида туман халқ таълими тизими ходимларининг анъанавий август кенгаши "Сифат, адолат ва шаффофлик тамойиллари” деган шиор асосида ўтказилди.
Туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев кенгаш иштирокчиларини яқинлашиб келаётган янги ўқув йили ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги байрами билан табриклади.
Сўнгра туман халқ таълими бўлими мудири Улуғбек Мамарасулов ўтган ўқув йили якунлари, 2018-2019 ўқув йилида халқ таълими ходимлари олдида турган вазифалар ҳақида маъруза қилди.
- Ҳозирги кунда ўқувчи ёшларимизнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, етук кадрлар бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитлар яратилиб, янги мактаблар қурилиб фойдаланишга топширилиши билан биргаликда уларнинг моддий-техника базаси янада яхшиланиб, ўқув дарсликлари, компъютер техникалари, бошқа керакли техника воситалари, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланмоқда,-деди нотиқ. -Яна таъкидламоқ ўринлики, таълим муассасаларининг моддий-техника базалари йил сайин мустаҳкамланиб, бунёдкорлик ва ободончилик ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Туманда жами 87 та таълим муассасаси, шундан 86 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази фаолият кўрсатмоқда.
2018 йил Инвестиция дастури асосида жами 4 та умумтаълим мактабида (6, 31, 48-умумтаълим мактаблари) капитал реконструкция 9-умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, “Обод маҳалла” дастури асосида 77-умумтаълим мактабида 120 ўринли бино капитал реконструкция ва 82-умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш ишлари давом этаяпти.
Шу билан бирга 2019 йилда туманимиздаги 4 та умумтаълим мактаби филиалларига 96 ўринли бино капитал реконструкция, 2 та (15, 56-мактаб) умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш, 2 та (41, 69) умумтаълим мактабида 12х24 ўлчамдаги спорт зали биноси қуриш режалаштирилмоқда.
Туманимиздаги умумтаълим мактабларининг педагог ходимлар билан таъминланиши 2017-2018 ўқув йилида 2463 нафарни ташкил этди. Шундан 2100 нафари (85,2%) олий маълумотли, 363 нафари (14,7%) эса ўрта махсус маълумотга эга. Жами педагог ходимлардан 861 нафарини (34,9%) аёллар ташкил этади. Тоифаси бўйича 51 нафари (2,1%) олий, 302 нафари (12,2%) биринчи, 1057 нафари (42,9%) иккинчи, 1053 нафари (42,7%) мутахассис тоифасига эга.
Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг компъютер саводхонлигини ошириш, чет тилларни ўрганиш, бошланғич синфдан чет тили фанининг ўқитилиши, мутахассис кадрлар билан таъминланиши борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳозирда тумандаги умумтаълим мактабларида 14 нафар немис, 20 нафар француз, 89 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари фаолият кўрсатмоқда. Лекин, афсуски, яна 36 нафар чет тили фани ўқитувчисига эҳтиёж сезилаётир. Тумандаги 33, 37, 39, 51, 54, 66, 84-умумтаълим мактабларида чет тили фани умуман ўқитилмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ушбу умумтаълим мактаблари раҳбарлари ҳанузгача мутахассис излаш билан овора бўлмоқдалар.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан СЕФР (умум европа халқаро стандартлари даражасида (А-1 1-4- синфлар 500 тагача сўз, А-2 1-9-синфлар 1500 тагача сўз билиши керак) ўзлаштириш талаблари асосида тузилган тест синовларининг биринчи ва иккинчи босқичида туманимиздан 2018 йилда фақатгина 1 нафар ўқитувчи, яъни 68-мактабнинг француз тили фани ўқитувчиси Баҳодир Улашев устама олиш учун босқичлардан муваффақиятли ўтиб, ойлик иш ҳаққига 30% устама қўшиладиган бўлди. Қолган мактаб раҳбарлари ва хорижий тил ўқитувчиларнинг масъулиятсизлиги натижасида он-лайн тарзда ташкил этилган Давлат тест марказининг сайтига ўз вақтида аризалари киритилмасдан қолган.
Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш самарадорлигини аниқлашда “Билимлар беллашуви”нинг ўрни беқиёсдир. Лекин бу борада туманимизда олиб борилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди. Буни вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган беллашув ва кўрик-танловлар натижалари ҳам кўрсатиб турибди.
Билимлар беллашувининг вилоят босқичида туманимиздан 24 нафар 7-8 синф ўқувчилари иштирок этишди. 15-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Ж.Маннонов тарих фанидан, 12-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси М.Азимов математика фанидан, 16-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Х.Холжигитов биология фанидан 3-ўринни эгалладилар. Бу, албатта, жуда паст кўрсаткич.
Ўқувчиларимизнинг “Билимлар беллашуви”даги натижаларини ўтган ўқув йилидаги натижалар билан таққослаганимизда, вилоят бўйича 1 поғона, яъни 15-поғонадан 14-поғонага кўтарилганини кўрамиз. Лекин бу мақтанадиган натижа эмас. Туманимизда иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар йўқми? Аксинча, бундай ёшлар етарли. Лекин камчилик танловни ўтказишда мактаб раҳбарларининг масъулияти етарли эмаслиги, танлов низоми талаблари асосида ташкил қилинмаганлигидадир.
Туман халқ таълими бўлимининг веб-сайти яратилган бўлиб, доимий равишда маълумотлар янгиланиб борилмоқда. “Энг яхши мактаб веб-сайти” кўрик-танловида фақатгина 4, 5, 7, 12, 14, 18, 21, 22, 23, 50, 63-умумтаълим мактаблари иштирок этишди, холос. Қолган мактаблар ўзларининг веб-сайтларини очиш ва маълумотларни киритиш ишларини якунлай олмаганлигини нима билан изоҳлаш мумкин?
Тажрибали ўқитувчиларнинг ишларини оммалаштириш ҳам қониқарсиз ҳолатда қолиб кетмоқда. Фақатгина 50-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Бахтиёр Жонибековнинг бошланғич синфларда “Карра қўлларимда” тажрибаси вилоят миқёсида оммалаштирилди. 85-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Нодира Бекқулованинг математика фанидан “Ўқувчиларнинг билимида аниқланган бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан олиб бориладиган қўшимча машғулотлар учун мисол ва масалалар тўплами”, 26-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Соҳиба Тошназарованинг иш тажрибалари вилоят миқёсида оммалаштирилган бўлса, 2018-2019 ўқув йилидан 70-умумтаълим мактабининг миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани ўқитувчиси Элёр Умаров ҳамда 15-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Жасур Примовларнинг иш тажрибалари вилоят миқёсида оммалаштиришга тайёрланди. 85-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Тошбоеванинг бошланғич синфларда “Саводхонлик байрамини ўтказиш” мавзусида услубий тавсияси туман миқёсида оммалаштирилди.
Ўқувчиларнинг билим, малака, кўникмаларида пайдо бўлаётган бўшлиқларни аниқлаб бориш, уларни тўлдириш борасидаги ишларга эътиборни қарата олсаккина, давлат таълим стандартларининг минимал талабларини бажарган бўламиз. Бунинг учун ўқитувчилар ўз устида кўпроқ ишлаши, ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштириб олиши, илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиши, фандаги янгиликларни билиши ва уни ўқувчиларга етказа олиши, ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар ва техника воситаларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйиши керак.
У.Мамарасулов йўл қўйилаётган камчиликларни йўқотиш, туманимизнинг рейтингини кўтариш учун ҳар бир таълим даргоҳи раҳбари, ўқув ишлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, психологлари янги ўқув йилига ўз иш режаларини пухта, ҳозирги давр талаблари, соҳада юзага келаётган янгилик, илғор тажрибаларни ўзида тўла акс эттирган ҳолда ишлаб чиқишини алоҳида уқтирди ва таълим соҳаси ходимлари олдида турган вазифаларни муваффақиятли уддалашига ишонч билдирди.
Шунингдек, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Мусурмонов, 2-умумтаълим мактабининг директори Ҳ.Адилова, 68-умумтаълим мактабининг француз тили ўқитувчиси Б.Улашев ҳамда 1-умумтаълим мактаби директори Х.Холиқуловлар кенгашда сўзга чиқдилар.
Сўнгра 82-умумтаълим мактабининг 1-синфига бораётган ўқувчиларга Президент совғалари - китоблар жамланмаси ва ўқув қуроллари, ўқувчи папкалари топширилди. Ўз навбатида жажжи ўғил-қизлар ёддан шеърлар айтиб ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.
Шунингдек, 2017-2018 ўқув йилида намуна кўрсатиб меҳнат қилган илғор ўқитувчилар, тарбиячилар ва мактаб, мактабдан ташқари таълим муассасалари раҳбарларидан бир гуруҳи туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ҳ.РАСУЛОВ.