5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда фахрий ўқитувчилар, таълим муассасалари ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари ва бошқалар иштирок этди.
Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-муаллимларнинг ўрни жуда муҳим.
Фидойи, заҳматкаш ўқитувчилар ўз шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради. Турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган ўғил-қизларимизнинг муваффақиятлари замирида аввало, азиз устозларнинг заҳматли меҳнатлари мужассам.
Мамлакатимизда 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.
Муаллимлик, мураббийлик - нақадар улуғ, нақадар шарафли, айни пайтда ўта масъулиятли ва машаққатли касб. Бу касбни эгаллаганлар фуқароларнинг юксак маданиятли, энг зиёли, ўз ишига фидойи қатлами тарзида жамиятда обрў-эътибор қозониб келаётир. Улар ёшлар онгида Ватан туйғусини мустаҳкамлаш, юрт равнақи, мамлакат ободлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳамда фаровон ҳаётини таъминлашда доимий намуна кўрсатиб келаётгани ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Халқимиз азалдан устозларни, умуман, кўпни кўрган, ақл-заковат ва меҳнати билан эл орасида танилган, қайси соҳада бўлмасин, ўз билими ва тажрибасини бошқаларга, хусусан, ёшларга ўргатган кишиларни алоҳида эъзозлаган. Бу эзгу анъана истиқлол йилларида юртимизда янгича маъно-мазмун касб этди.
Туманимиздаги деярли барча қишлоқларда янги мактаблар бунёд этилди, мавжудлари реконструкция қилинди, тубдан таъмирланди, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, жиҳозлар, компьютер техникалари билан таъминланди.
Бугунги кунда ривожланиш шиддат билан олға кетаётгани, эртанги кунда эса бунданда тезкорлашини ёш авлоднинг янада юксак билимли бўлишини, замонавий мустақил фикрлаш қобилиятининг ўсишини, интеллектуал ривожланган, амалий касб-ҳунарлар эгаллашини тақозо этаётир. Шубҳасизки, бундай юксак талабларга жавоб берадиган хусусиятлар шаклланишида таълим-тарбиянинг ўрни ва роли қанчалик муҳим эканлигини тушуниш қийин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг маърифат фидойилари билан бўлган учрашувда ёш авлоднинг таълим-тарбияси ҳақида гапирганда, таълим жараёнидаги ўқиш ва ўқитиш ишларини янги босқичга кўтариш, умумтаълим мактабларида синов шарти билан ўн бир йиллик таълимни тиклаш борасида таклиф билдиргандан кейин бу таклиф ота-оналар, жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Ана шу хоҳиш-истаклар инобатга олиниб, 9-синф битирувчилари умумтаълим мактабларининг 10-синфларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиришга рухсат берилди.
Бу иш ўзининг мазмун-моҳияти, ташкилий жиҳатлари билан қўшиб ҳисоблаганда осон эмаслиги барчага аён. Шунга қарамасдан туманимизда ҳам бу жараён муваффақиятли ўтди. Ўқув йили катта тайёргарлик билан бошланди ва бугунги кунда дарслар кўнгилдагидек давом этмоқда. Ҳали олдимизда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ва масъулиятли ишлар турибди.
Демак, муаллим ва мураббийлар зиммасига юкланадиган вазифалар ҳам шунга яраша бўлади. Жамият қадрли устозлардан, мураббийлардан кўп нарсани кутаяпти. Улар нафақат бугунги кун ташвишлари, шу билан бирга эртанги кун талабларини ҳам пухта ўйлаган ҳолда тайёр бўлишлари, ўз салоҳиятларини, тажрибаларини давр билан ҳамнафас ошириб боришлари керак бўлади.
Барча соҳаларнинг усталари, мутахассислари бир касб эгалари меҳнати билан шаклланади. Ҳар биримизга кимдир харф ўргатиб, саводимизни чиқарган. Бугун ким, қаерда, қандай вазифада ишламасин, қачондир мактабда ўқиган, устозлар тарбиясини олган. Илк бор мактабга борган кунни, қўлига қалам бериб, ёзишни, ўқишни ўргатган ўқитувчисини эсламайдиган одам топилмаса керак.
Бир синфда йигирма ё ўттиз нафар ўқувчи бўлса, ҳар бирининг табиати хар хил. Устоз уларнинг қалбига йўл топади, фарзандидек юрагига яқин олади. Устоз ўз касбига қалб қўри билан киришмаса, мураббийлик йўлида хеч қандай ютуқларга эриша олмайди. Ахир ўқишни, ёзишни билмайдиган мурғаккина болага бир харфни ўргатиш осонми?!
Мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларнинг натижаларини туманимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Фаолият кўрсатаётган 86 та умумтаълим мактаби, Баркамол авлод болалар марказида яратилган шарт-шароитлар бундан 15-20 йил олдинги ҳолатлардан тубдан фарқ қилади.
“Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа бир қатор соҳага оид дастурлар, фармону қарорлар муваффақиятли ижро этилиб келинмоқда.
Мустақиллик йилларида 20 нафарга яқин ўқитувчи ва мураббий давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлганлиги ҳам фахрланарли ҳолдир. Жумладан, Сайёра Жаниқулова, Асрақул Болиев “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, Марварид Эгамқулова, Зуҳра Эркабоева “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, Ҳаким Норқулов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” деган ғоят шарафли унвонларга сазовор бўлдилар.
Абдиқодир Абдувоҳидов “Эл-юрт ҳурмати”, Қобил Мусаев I-даражали, Абилқосим Холмуродов II-даражали, Абдусодиқ Ҳуббимов, Музаффар Бегматов “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланишди. Гулсара Эсанова, Абдунаим Абдувоҳидов, Солиқул Қурдошов каби устозлар “Шуҳрат” медали соҳиби бўлишди.
Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди ва туманимизда ҳормай-толмай меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан самимий муборакбод этди. Фахрий ва ўз касбининг моҳир усталари, фидойи мураббийларни қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.
Суратларни Б.МАМАДИЁРОВ олган.