Китоб - билим манбаи, деб бежиз айтилмаган. Чунки, китобларда ҳикмат кўп, ундан ҳаёт дарсини оласиз. Яхши бир китоб бўлса-ю уни мириқиб ўқисанг, бунга не етсин. Албатта, биз таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ижодини севиб ўқиймиз. Улар кишини ўзига меҳригўёдек тортаверади. Лекин ҳамма ҳам китоб ўқийвермайди-да.
Баъзилар ўқиб олим бўлардимми, дейди. Аслида бу ерда гап олим бўлишликда эмас, балки кишиларда ўқишга бўлган иштиёқнинг етишмаслигида. Китобни қўлга олиб қарасангиз жонсиз нарса. Бир бошидан аста варақласангиз билмаган ҳолатда китоб сизни ўзига қамраб, асир қилиб олади. Шундай яхши китоблар борки, ундан бош кўтариш қийин. Эътибор беринг, китоб ўқиётган пайтда бизни ҳатто ўзга оламлар сари ҳаёлан етаклайди. Кўз ўнгимизда турли-туман манзаралар жонланади. Ижобий образдаги қаҳрамонлар ўрнида ҳис қиламиз ўзимизни. Салбий образдаги кимсалардан эса нафратланамиз ҳам.
Инсон китобдан маънавий озуқа олар экан, шу билан бирга маданий ҳордиқ ҳам чиқаради. Руҳи тетиклашиб, ундан ўзига тегишли хулосалар чиқариб олади. Китобда ёзилган воқеа ва образлар ёзувчилар томонидан шундай маҳорат билан талқин қилинадики, унинг ичига кириб кетганингизни билмай қоласиз.
Мен бир оддий китобхон сифатида ҳозирги авлоднинг интернетга боҚланиб қолаётгани, китоб, газета, журнал ўқимаслиги ва улардан олинадиган маънавий озуқадан маҳрум бўлаётганини ўйлаб қоламан. Ёшларни тарбиялаш, уларни китоб ўқишга одатлантиришнинг ҳаётда ўз исботини топган дастлабки ва қулай усули шуки, китоб мутоалаасига ҳавас, аввало, оиладан бошланиши керак. Ота-оналар фарзандларига китоб ўқишга меҳр уйғотиш учун ўзлари китобхон бўлишлари лозим. Шундагина ёш авлод вакилларида китобга бўлган меҳр ошади.
Ёшим 64 да. Туман марказидаги 82-ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимдаёқ мактаб кутубхонасига аъзо бўлганман. Танаффус бўлди дегунча кутубхонага чопардим. Баъзан дарс вақтида ҳам бадиий китоб ўқиб ўтирганимни кўрган ўқитувчилардан танбеҳ эшитган вақтларим ҳам бўлган. Баъзи ўқитувчиларим ҳаттоки китобимни олиб ҳам қўйишган.
Ҳозир ҳам китоб ўқишни канда қилмайман. Икки йилдирки, туман ахборот-ресурс марказига ҳам аъзоман. Кутубхона эски бинода жойлашган, хоналари тор, ёруғлиги яхши эмаслигини айтмасак, хизмати яхши йўлга қўйилган. Энг асосийси китоблар фондини бойитишга марказ раҳбари Ф.Тоғаеванинг хизматлари беқиёс. Бу ерда 2500 дан зиёд ўзбек адабий китобларидан ташқари қардош халқлар адабиётлари, жаҳон адабиётлари ҳам ўрин олган. Шунингдек, бадиий адабиётлар, сиёсий ва техник адабиётлар ўқувчилар ихтиёрига бериб қўйилган. Китоб мутоалаасини ихтиёр этиб келган киши бу ердан ўзига керакли бўлган адабиётларни бемалол олиб фойдаланиши мумкин. Шунингдек, “Сайёр кутубхона” хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Бу хизмат асосан имконияти чекланган, якка тартибда ўқийдиган ўқувчиларга хизмат қилмоқда. Пенсионерлар талаби билан танланган китоблар беминнат уйларига олиб бориб берилади. Бу ишларни самарали амалга оширишга сектор мудири М.Усмонов ва марказ ходимларидан Т.Искандаров, Д.Пўлатовалар ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Яна бир янгилик. Китобхонлар ташаббуси билан кутубхона фондига китоб совға қилиши анъанага айланиб улгурган. Сектор мудири М.Усмоновнинг айтишича, янги бадиий китоблар келтирилгандан сўнг кундан-кунга кутубхонага келаётган аъзолар сони ортиб бораётир. Таъкидлаб ўтишимиз керакки, бу ерда энг фаол кекса китобхонлардан А.Жаниқулов, М.¤наров, А.Назаров, Ш.Јуроловлар бўлса, ёш китобхонлардан Н.Кўбаева, Э.Сулаймонова ҳамда Л.Худойқулова кабиларнинг номларини мисол тариқасида келтириб ўтишни хоҳлардим.
Хуллас, биз сизларни китоб ўқишга даъват этамиз. Китобга, албатта, ихлос қўйинг. Шунда сизнинг зеҳнингиз ўткирлашади, фикрингиз тиниқлашади, комил инсон бўлиб етишасиз.
КИТОБ - ТАФАККУР ҚУЁШИ
Абдулла ҚАРШИЕВ.