Китобнинг инсон руҳий олами учун муҳим маънавий озуқа манбаи бўлиб хизмат қилишлиги ҳусусида қадимдан бонг уриб келинади. Таъбир жоиз бўлса, мазкур ҳақиқат қаршисида замонавий ахборот коммуникацион технологияларининг ҳар қандай олий шакли ҳам мум тишлаб қолаётганини бугун ҳеч ким инкор этмайди.
Кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда китоб мутолааси ва уни ёшлар орасига кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари, маҳаллалар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда унинг вилоят, туман Кенгашлари вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишмоқда.
Аммо яқиндагина ўтказилган Республика “Ёш китобхон” танловининг туман босқичи ҳақидаги таассуротларимиз бундай ижобий фикрлардан анча йироқ. Кўнгилни хира қиладиган дастлабки ҳолат; “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказининг чамаси юз ўринга мўлжалланган мажлислар залида ўн, ўн беш чоғли болалар ёшлар иттифоқи туман Кенгаши мутахассиси бошчилигида ўзлари билан ўзлари андармон бўлиб ўтиришибди. Номлари зикр этилган ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан эса ном нишон ҳам йўқ. Умуман, кейинги йилларда мутасадди ташкилотларнинг бу каби танловларга қадамларини дариғ тутиши одатий ҳолга айланиб улгурди. Танловнинг якуний босқичида бадиий асарлар таҳлили тил ва адабиёт ўқитувчиларининг ҳам иштирокини сув ва ҳаводек зарур қилиб қўйган эди. Бироқ улар ҳам ушбу масъулият ҳиссини яхшироқ англамади. Яна бир гап. Танловнинг саралаш босқичида ғолиб бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бу ерда саф тортишмаганди. Эҳтимол, тил ва адабиёт ўқитувчиси табиатидаги масъулиятсизлик ҳисси уларни шунга ундагандир.
Бадиий асар руҳини англамай туриб, китобхон бўлиш қуёшга шамни ёқиб тутмоқ билан баробар. Танлов иштирокчиларнинг аксарият қисми шу савияда тайёрланиб келишган. Улар шоир, ёзувчиларнинг туғилган ва вафот этган йиллари ёки асар таркибига кирган икки, учта қаҳрамон номларини келтириш билан ўз нутқларига якун ясайди. Ундан у ёғи ошиб бўлмас довон. Замонавий ўзбек адабиёти насрининг ёрқин наъмуналари: “Ўткан кунлар” ва “Кеча ва кундуз” асарларини ўқимаган “ғолиб китобхон”лар иштирокига нима дейсиз? Тағин ҳам уларга асарлар рўйхати бир ой аввал маълум қилинган. Хўш, бунга ким айбдор, салла деса бошни олиб келадиган ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг етакчиларими ёки кунини қоғоз қоралаш билан ўтказаётган ўқитувчиларми?
Бу ўринда танловга тақдим этилган асарлар савиясига ҳам эътибор қаратишни жоиз деб билдик. 17-19 ёш тоифасидаги танлов иштирокчиларига берилган тоши анча оғир асарлар ёшлар-ку ёшлар ёши катта китобхон ўқувчиларни ҳам бошидан дўпписини олишга мажбур қилади. Чуқур руҳий таҳлилга асосланган, интим туйғуларнинг юксак наъмунаси устига қурилган Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари”, модернизм руҳида ёзилган А.Камюнинг “Бегона”си ёки топилиши анча мушкул И.Тургеневнинг “Оталар ва болалар”, Ф.Купернинг “Чингачкук фожеаси”, Н.Думбадзенинг “Мен, бувим, Илико ва Илларион” асарлари шулар жумласидан. Бу шундоқ ҳам ёшларимизнинг “Қизил китоб” саҳифалари”дан ўрин олаётган китоб ўқиш маданияти масаласидаги муаммоларига ечим бўлиб хизмат қилмаслиги тайин.
Танловда кузатилган камчиликларга қарамай ундаги юрагида ўти бор ва китобга меҳри баланд айрим ёш китобхон ўқувчиларнинг азбаройи шижоатлари важидан кам сонли иштирокчилар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унга кўра, 10-14 ёш тоифаси бўйича Д.Номозова, 15-19 ёш тоифаси бўйича Э.Номозова ҳамда 20-30 ёш тоифаси бўйича К.Мусулмоновалар ғолиб деб топилиб, ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг қимматбаҳо эсталик совғалари ҳамда танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Албатта, барча ғолибларга омад тилаймиз. Фақат ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган бундай танловлардаги бизнинг ҳам фаоллигимиз уларни ватанпарварлик ва инсонийлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишлигини унутиб қўймасак бўлгани.
Тўлқин ХАЛИЛОВ
