Туманимиздаги “Турон” базмгоҳида 3 декабр – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туман ҳокимлиги, прокуратура, “Ёшлар иттифоқи” туман кенгаши, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида имконияти чекланган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида байрам дастурхони ташкил этилди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган байрам тадбирида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, туман прокурори Д.Кўбаев ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда имконияти чекланган шахсларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманимизда турли касалликлар, жароҳатлар ва бахтсиз ҳодисалар оқибатида ўзи мустақил равишда юролмайдиган фуқаролар 180 дан зиёдни ташкил қилади. Уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган 2 нафар шахс ҳеч қандай тўловларсиз шинамгина ва арзон уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 12 нафарига мана шундай уй-жойларнинг бошланҚич тўлови тўлаб берилди. Қолаверса, 76 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ногиронлик аравачалари олиб берилди. Кам таъминланган оилаларнинг 25 нафарининг уй-жойлари замонавий типда таъмирлаб берилди.
Байрам дастурхони туман маданият бўлими хонандалари томонидан куйланган куй-қўшиқлар, дилтортар тароналар билан янада файзли ўтди. Йил давомида имконияти чекланганига қарамай самарали меҳнат қилган фуқаролар эътироф этилди.
Тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга 36 та ногиронлик аравачаси, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари топширилди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.