Туман ҳокимлиги мажлислар залида маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган маҳалла муллаларига гувоҳнома топшириш маросими ўтказилди.
Унда тумандаги масжидларнинг имом-хатиблари, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Таъкидландики, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимизнинг софлигини асрашда ва ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялаш каби тарбиявий ишларда имом-хатибларнинг тутган ўрни ва вазифалари муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда, “Балиқчи ота” жомеъ масжиди имом хатиби Ё.Тўхташов мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб бораётган сиёсати, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар хусусида атрофлича тушунчалар бериб ўтди.
– Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаётга шукрона келтиришимиз керак, – деди “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғини Қўролос қишлоғи мулласи Муҳаммад Янгибоев. – Мана шу тинчлик-осойишталикни кўролмайдиган, унга рахна солишга уринадиган кучлар борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Уларга қарши курашишда диний соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият ва вазифалар юкланган. Бу борада биз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамларнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни англаган ҳолда, кенг халқ оммасига тушунтиришимиз, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган, мафкура, маънавият ва тарбиямизни издан чиқарадиган иллатларга қарши қатъий курашишимиз зарур.
Тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Ш.Зиёддинов ислом оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмуни, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда турли ғаразли ва террористик ҳолатларни муқаддас ислом дини билан боғлаётган кучларга нисбатан диний соҳа ходимларининг якдил муносабати, ёт ғоя ва ҳаракатларга қарши курашишнинг самарали усуллари устида ишлаш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг, 61 нафар маҳалла муллаларига “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги тасарруфидаги маҳалла мулласи” гувоҳномаси топширилди.
ГУВОҲНОМАЛАР ТОПШИРИЛДИ
Ўз мухбиримиз.