Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳузурида фискал институтни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат солиқ қўмитаси Малака ошириш маркази негизида Фискал институт ташкил этилмоқда.
Фискал институтни ташкил этишдан мақсад, соҳага кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни кредит-модуль тизими асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомиллаштириш ҳамда кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтиришдир. Бундан ташқари Фискал институти қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялашдан ҳам иборатдир.
Шунингдек, Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети билан Институт тузилмасида мазкур университетнинг бўлинмасини (факультетини) ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.
Солиқ тизимига мутахассислар етказиб келган (2018 йилнинг биринчи ярмигача) Солиқ Академияси ёпиқ турдаги таълим маскани бўлиб, талабаликка фақатгина Бухоро, Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари битирувчилари қабул қилинар эди. Кирувчилар контенгенти чегаралангани ва танлаб олинадиган талабалар фақат юқоридаги 3 та коллеж битирувчиларидан иборатлиги туфайли кириш бали паст бўларди.
Ҳозирда Бухоро, Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари техникумга айлантирилди. Ушбу техникумларда ўқиётганлар Фискал институтга кирадиган бўлса техникумда олган билимларини институтда қайта такрорланмаслиги учун ушбу техникумларда, кейинчалик Фискал институтда ўқитиладиган дастурлар тартибга келтирилмоқда.
Фискал институти солиқ соҳасида ишлашни хоҳлаган барча ёшларни тестларда қатнашишга ва барча хоҳловчиларнинг ўқишга киришларига имконият беради.
Яна битта маъқул томони ўқиш муддати тўрт йилдан иборат бўлиб, охирги курсдаги ўқишини талаба ўзининг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) Давлат солиқ инспекцияларида амалиётни ўташ билан бирга олиб борадилар. Бу дегани талаба институтда олган уч йиллик билимини бирданига амалиёт билан боғлаб, ўз иқтидори ва билимини мустаҳкамлаши, ўзини ижобий томондан кўрсатиб, институтни тамомлагач амалиётни ўтаган, ўзининг доимий яшаш жойидаги Давлат солиқ инспекциясида ишга қабул қилиниш имконияти яратилади.
Бундан ташқари иқтисодиёт йўналишидаги техникумларни битирган ёшлар Фискал институтнинг 2-босқичидан имтиҳонсиз, якка тартибдаги суҳбат асосида институтнинг 2-курсидан қабул қилинади.
Ўрта махсус таълим масканларини битираётган ёшларни билимларини оширишга ва Фискал институтнинг биринчи талабаларидан бўлишга ҳамда солиқ соҳасининг етакчи мутахассисига айланишлари учун ҳаракатни бошлашларини кутиб қоламиз.
Насриддин ЖАЙСАНОВ,
ДСҚ Малака ошириш маркази Самарқанд вилоят филиали бўлим бошлиғи.