“Суицид” – ўз жонига қасд қилиш. Ҳар қандай тошбағир инсонни ҳам бир сескантириб юборадиган бундай совуқ гапнинг бугунги кунда ижтимоий хавфлилик даражаси тобора ортиб бораётган ҳамда бутун дунё бўйлаб глобал муаммо тусини олаётган салбий ҳолатлардан биридир.
Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида туман прокуратураси ташаббуси билан ўз жонига қасд қилишнинг салбий оқибатлари ҳамда унинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда, энг аввало, ўз жонига қасд қилиш иллати дунёнинг турли бурчакларида ҳар хил шаклларда (ўзини осиш, ўзига ўт қўйиш ва ўқ отиш) урчиб бораётганлиги, энг ачинарлиси, унинг домига кўпроқ ўсмир ёшдаги йигит-қизларнинг тушиб қолаётганлиги барчамизни мудом ҳушёрликка чорлаб туриши лозимлиги таъкидланди.
- Ўз жонига қилиш жамиятда шундай хавфни вужудга келтирадики, унинг олди олинмаса, эртага танадаги яра сингари модда боғлаб кетиши мумкин, - дейди туман прокурори Ў.Раҳматов. – Бунинг оқибати кўпгина тирик жонларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига олиб келади. Бундай фожеали ҳолатлар кейинги вақтларда кўпроқ ёшлар билан юз бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, туманимиз ҳудудида ҳам “фалончи ўз жонига қасд қилибди” деган гаплар қулоққа тез-тез чалинадиган бўлиб қолди, лекин бунга масъул шахслар негадир ҳали-ҳануз жим. Биргина мисол. Туманда 2017 йилда ўз жонига қасд қилганлар сони 20 тани ташкил қилган бўлиб, шундан 8 таси аёллар ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 7 тани ташкил қилди. Лекин бу кўсаткичнинг ўсмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Шу ўринда бир савол туғилади, муаммоларни етарлича ўрганмай туриб, хужжатлаштириш билан овора туман хотин-қизлар қўмитаси ёки маҳалла масъуллари қаерга қараяпти? Аксинча, муаммонинг ечимини эскичилик ёки турли хил хурофий тушунчалар зиммасига юклаб, ўзимизни оқлаш билан оворамиз. Ваҳоланки, воқеани ўрганиш жараёнида оилавий носоҚлом муҳит ёки ёшлардаги психологик ўзгариш ҳолатлари бунга асосий омил бўлиб хизмат қилганлиги маълум бўлади. Нима учун таълим муассасаларининг психологлари ёки маҳалла фуқаролар йиҚинлари раислари бунга панжа ортидан қарамоқда?
Фожеанинг олдини олишда ота-онанинг ўрни беқиёс эканлигини ҳам унутмаслик лозим, албатта. Оталик ёки оналик масъулиятини кўпинча моддиятга боғлайдиган ота-оналарга фарзандининг юриш-туриши, нима ишлар билан машҚул бўлаётгани ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Фарзандларининг замонавий уяли алоқа воситаларида охирги вақтларда кенг қулоч ёйган ижтимоий “трендлар” – виртуал оламдаги ҳақорат ва пўписалар, бузғунчи ғояларнинг ижтимоий вирус каби тарқалиши бу тилга олинмас муаммони янада чуқурлаштириб, кўпроқ ёшлар ҳаётини юқори хавф остига қўймоқда ёки улар бундан бехабарми?
Мазкур муаммога барчамиз – ота-оналар, ёшлар иттифоқи, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг психологлари ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳам бир ёқадан бош чиқариб ечим изласак, ўйлайманки, мақсадимизга анча яқинлашган бўламиз.
Шунингдек, йиғилишда вилоят бош суициологи А.Худайназаров ҳамда туман бош имом-ҳатиби Н.Жамгировлар сўз олиб, суициднинг юзага келиш сабаблари ҳамда уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.