Халқимизга хос азалий қадрият – эшик қоқиб келган киши борки, унга “Меҳмон отангдек улуғ” рутбасида муносабатда бўлишади.
Сўнгги пайтларда аҳолининг яшаш тарзини ўрганиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш чоғида бир неча маҳаллаларда бўлиб бунга яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, Зармитан ҳудудидаги “Бойтўп” маҳалла фуқаролар йиҚинида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Жўрабек Файзуллаев хонадонидаги суҳбат менда катта таассурот қолдирди.
Дарвоза хатлаб ҳовлига кирар экансиз райхонлар ифори беихтиёр димоққа урилади. Иморатларнинг дид билан жойлашгани, ҳовлидаги саранжомликнинг ўзи ҳам оила бошлиғининг ўқимишли ва маънавиятли эканлигини англатади. Жўрабек ака билан бўлган суҳбат асносида у кишининг меҳмондўстлик, олижаноблик ва инсонпарварлик хислатларига яна бир бор амин бўлдим. Ахир 43 йил 69-мактабга қатнаб ўқувчиларга рус тили ва адабиётидан сабоқ бериб, бугун қарилик гаштини сураётган Ж.Файзуллаевнинг қалбида она юртга муҳаббат, тинчликдек буюк неъматга шукроналик жўш урмоқда.
- Бугунги ёшлар бошқача, - дейди Ж.Файзуллаев. – Ерга урсанг осмонга сакрайди-я. Кечагина коллеж ўқувчиси бўлган ёш бугун тадбиркор. Қаддини урсин. Техника билан бемалол тиллашади. Уч ёки тўртта тилни ўрганишаяпти. Грант асосида чет элларда ўқиб қайтаяпти. Тўғриси, ҳозирги болаларни кўриб ҳавасинг келади. Биргина мактабларимизни олинг, уларда ҳамма шароитлар яратилган. Ўқисанг бас, ҳаммасига эришасан. Юртбошимиз ташаббуси билан китобхонликни ривожлантиришга эътибор берилаётгани боис рости ўзимнинг шахсий кутубхонамдаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан фақат 15 таси қолибди, холос. Қолгандаям рус тилида ёзилганлари. Ўқийман деб ёшлар олиб кетишгану қайтаришмаган. Ким олганини ҳам эслолмайман. “Майли, ўқийверишсин” деб қўя қоламан. ”Ахир китоб маънавий оламимизни безайдида. Китобсиз уй офтобсиз оламга ўхшаб қолади.
Ҳа, у кишининг айтганича бор. Бугун юртимизда мақташга, фахрланишга арзигулик ишлар бўлмоқдаки, ҳатто хорижликлар ҳам буларни эътироф этишмоқда. Келинг, биргина таълим соҳасидаги айрим ўзгаришларга назар ташлайдиган бўлсак, мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури таълим-тарбия соҳасининг катта суръатлар билан ривожланишида мустаҳкам асос бўлаётир, десак муболаға эмас. Мамлакатимизда бир қанча нуфузли янги университет, институт ва ўқув марказларининг ташкил этилгани, айниқса, дунёда ўз ўрнига эга бўлган Вестминстер, Инха каби ўқув даргоҳларининг фаолият юритаётгани ёшларимизнинг жаҳонга чиқишга имконият эшикларини очди.
Замонавий талаблар асосида ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими шакллантирилди. Ўқув юртлари моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш, уларнинг замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланишига катта эътибор берилди. Ўқувчилар ҳам электрон дарсликлар ёрдамида билим олишмоқда. Бугунги кунда барча таълим муассасалари интернетдан фойдаланиш имкониятига эга.
Қисқаси бугунги ютуқлар, натижалар, ўзгаришлар ҳақида яна ҳам кўп ёзиш, маълумотлар келтириш мумкин. Буларнинг барчаси ёшлар учундир.
Дарвоқе, Жўрабек ака билан бўлган суҳбат орқали анча-мунча маълумотга эга бўлдик. Сирасини айтганда суҳбатдошимиз айтганидек, ўқийдиган замон келди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.