Жорий йил бошида юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларини битирган ёш мутахассислар “Шифокорлик қасамёди”ни қабул қилиб, ўзлари туғилиб ўсган жойдаги соғлиқни сақлаш муассасаларига ишга юборилган эди.
Низомиддин Эшмуродов ана шундай ёш мутахассислардан бири. У Қўшработ тумани марказидан 65 километр узоқликдаги тоғли Тоз қишлоғида туғилиб ўсган. Яқинда Самарқанд давлат тиббиёт институтини битириб, йўлланма асосида ўзи туғилиб ўсган маҳалладаги Тоз қишлоқ врачлик пунктига ишга келди.
Қўшработ тумани ҳокимлиги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимлари учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу мақсадда 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирда тумандаги қишлоқ оилавий поликлиника ва врачлик пунктларида иш бошлаган 12 нафар ёш мутахассис – умумий амалиёт шифокорлари ҳамда 170 дан ортиқ патронаж ҳамширага зарур тиббий воситалар жамланган сумкалар топширилди.
Дарвоқе, яқинда туман тиббиёт бирлашмасига тўртта замонавий тез ёрдам машинаси келтирилиб, аҳолига ҳизмат кўрсатмоқда.
ЎзА мухбири.