Жорий йилда миришкор деҳқонларимиз об-ҳавонинг анча серёғин келганлиги лалми майдонларда кўзланган ғалла ҳосилини етиштириб, ўрим-йиғимга шай ҳолатда турибдилар. Шундай экан, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш барчанинг бурчидир. Бу борадаги ишлар ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ўрим-йиғим мавсуми давомида ёнғинларнинг содир бўлишига йўл қўймаслик тўғрисида йўриқнома тарқатилиб, давра суҳбатлари олиб бориляпти.
Ғалла ўрим-йиғими мавсуми мобайнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб бориш учун нималарга эътибор қартилмоғи зарур? Арзимаган эҳтиётсизликлар оқибатида кичкина учқундан катта ёнғин келиб чиқиши мумкинлигини ҳар биримиз эсда тутмоғимиз керак. Бундан ташқари барча дон қабул қилиш пунктлари, дала шийпонлари, ёнилғи қуйиш техникалари, техникаларни таъмирлаш учун ажратилган майдонлар ғалла майдонларидан камида 100 метр узоқликда бўлиши ва атрофи 4 метр кенгликда шудгорланиши керак. Шу билан бир қаторда зарур жойлар, ғалла ўрим-йиғимида қатнашувчи комбайн, трактор, автомобил воситалари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва учқун қайтаргичлар билан таъминланган бўлиши, ғалла ўримида қатнашувчи барча ишчи-хизматчи ва механизаторлар ёнғин хавфсизлиги йўриқномасидан ўтказилиб, улар билан қатъий тушунтириш ишлари олиб борилиши талаб этилади.
Ғаллани ўриб олишда даставвал юқори кучланишли электр линиялари тагига экилганларни ўриб олиш зарурдир. Ўриб олингандан кейин зудлик билан уни шудгорлаш лозим.
Ғалла ўрим-йиғим мавсумида ғаллазорлар атрофида сигарета чекиш, гулхан ёқиш, ғалласи ўрилган майдонларни, бошоғи олинган сомонларни ва ғалла пояларни ёқиш қатъиян тақиқланади.
Комбайнлар, ғалла ташувчи автотранспорт (трактор) воситалари ва ёқилғи қуйиш автотранспортларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида далага чиқишдан олдин махсус комиссия томонидан давлат ёнғин назорати вакили қатнашган ҳолда текширилади ҳамда натижаси далолатнома билан расмийлаштирилади. Шунингдек, ўримда иштирок этувчи ҳар бир комбайн 0,2 м3 сиғимда сув, 2 тадан ёнғин ўчиргич, учқун ушлагич, белкурак, супурги, 2х2 метр ҳажмда кигиз билан, двигатель, коллекторини чанг ва сомон тушишидан ҳимояловчи металл қопқоқлар билан ҳамда комбайн корпусидаги статик энергияни ерга ўтказиш учун металл занжир билан таъминланиши шарт.
Ҳайдовчилар ўрим-йиғим ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари даврида:
- двигательни мойлаш, ёқилғи тарқатиш тармоқларининг созлигини доимий назорат қилиши, уларни тоза сақлаш, ёқилғи ва мойни томишига йўл қўймаслиги керак. Ифлосланган ёқилғи тармоқларини фақат двигателни совутган ҳолда ёқилғи йўлини беркитган ҳолда тозалашга;
- бензин билан ишловчи автомобилларнинг учқун ушлагичларини ҳар куни бир марта, дизель ёқилғисида ишловчи автомобилларникини эса ҳар 12 соатда бир марта қурумдан тозалашга;
- коллектор ва тутун чиқарувчи қувурларнинг фланецли уланган жойларидан газ чиққан ҳолда тезда бу камчиликларни бартараф этишга мажбурдир.
Ёнғин – тилсиз ёв эканлигини дилдан ҳис этиб, ҳушёрлик бир зум ҳам сусайтирилмаслиги лозим.
А.Ғаниев,
туман ЁХБ бошлиғи, капитан.