Туманимиз “Кумуш тола” ижодкорлари жорий йилда мўл ҳосил олиш учун меҳнат қилмоқдалар. Бу жараёнда ипак қуртлари боқилаётган хоналарни талаб қилинган меъёрий иссиқликда сақлаш мақсадида иситиш асбобларидан фойдаланилади. Иситиш қурилмаларидан талаб қилинган қоидалар асосида фойдаланмаслик эса ёнғин чиқиш хавфини орттиради. Мавсумда пилла уруғини тайёрлаш ва парваришлаш мобайнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Аҳоли хонадонларида, махсус биноларда пиллани парваришлаш жараёнида унинг ёнувчанлик хусусиятини инобатга олган ҳолда ёнғин содир бўлишининг олдини олишда нималарга эътибор бериш лозим?
Аввало ипак қурти парваришлаш хоналари учун мос хоналар тайёрланиб, уларни иситиш учун печ қуришда ёнғин чиқишига сабаб бўладиган барча ҳолларни назарга олиш лозим. Жумладан, печ уй девори ёки ёнувчи материаллардан 1 метр узоқликда жойлашган бўлиши керак. Хонанинг тахта поли устига печка оғзи томонига 70х70 см. ўлчамдаги тунука қоплаш, тутун чиқариш карнайлар ўрнатилаётган пайтда иморатнинг ёғоч қисмидан карнайгача бўлган масофа ҳар томонлама 38 см. оралиқда бўлиб, атрофи сувоқланган бўлиши керак.
Хоналарга электр ёритиш чироқларига ўтказилган электр симлари талаб қилинган қоидалар асосида ўрнатилиб, қуввати 150 вт.дан ошиқ бўлмаган электр ёритиш чироқлари билан таъминланиши зарур.
Ҳар бир хона дастлабки ёнғин ўчириш воситалари – бочкада сув, челак, қум, белкурак ва ёнғин ўчиргичлар билан таъминланиши лозим.
Гоҳида ипак қурти боқиладиган хоналарни иситиш мақсадида турли хилдаги электр иситиш мосламаларидан фойдаланиладиган фуқароларимиз ҳам учраб туради. Бу эса мақсадга мувофиқ эмас. Чунки бундай ҳолларда кўпинча кўнгилсизликлар рўй бериши мумкин.
Пилла ўраш вақтидан олдин, ипак қуртига қўйиладиган хашакларни ҳам эҳтиёткорлик билан сақлаш лозимдир.
Ипак қурти ўраш вақтида хавфсизлик қоидаларига амал қилишни ёддан чиқарманг, шундай қилганимиздагина мавсумни кўнгилдагидек ўтказамиз ҳамда ҳалол меҳнат билан етиштирилган “Кумуш толамиз”ни хирмонга армуғон этамиз.
А.ЮСУПОВ,
туман ЁХБ ЁН ва ПГ ёнғин хавфсизлиги инспектори, лейтенант.