Ёнилғи маҳсулотлари орасида бошқаларига нисбатан энг хавфлиси табиий газдир. Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан ва ҳар хил омилларга (қувурларнинг тешилиши, авариялар) кўра узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газ плитасини ёқиб қўйиб, соатлаб хабар олмаслик, иситиш печларига газни улашда хавфсизлик чораларини кўрмаслик ҳамда бепарволик портлаш, ёнҚин чиқиши, шунингдек, ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқараяпти.
Бундан ташқари, аҳоли томонидан қўлбола, стандарт талабларига жавоб бермайдиган асбоб-жиҳозлардан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, дудбуронни тозаламаслик ва уй ичини иситиш мақсадида очиқ оловдан фойдаланиш оқибатида фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ҳамда ҳаво газ аралашмаси чақнаши туфайли ёнғин содир бўлиб, одамлар ҳалок ҳолатлари кузатилмоқда.
Мисолларга мурожаат қилайлик. Жорий йилнинг 2 январида Каттақўрғон тумани “Зарқўрғон” маҳалласида яшовчи А.Турсунов хонадонида иситиш печидан чиққан ис газидан турмуш ўртоғи З.Омонова, қизи С.Суннатова, ўғли Д.Суннатовлар вафот этишади. Пастдарғом тумани “Тўқбой” маҳалласида қўлбола усулида ясалган иситиш печидан чиққан газ туфайли уй эгаси З.Қобилов, турмуш ўртоғи З.Қаршиевалар бевақт оламдан ўтишади. Бундай ҳолатлар, афсуски бот-бот такрорланаяпти.
Тўғри, бундай нохуш ҳолатлар туманимизда жорий йилда кузатилмади. Лекин бу билан бепарволикка асло йўл қўйиб бўлмайди.
Туманимизда ҳам бу йил қурилиш ишлари авж олиб, янги-янги уй-жойлар бунёд этилмоқда. Аҳоли хонадонлари ҳам таъмирдан чиқарилмоқда. Айнан мана шу пайтда печ ва мўриларни соз ҳолатга келтириш мақсадга мувофиқдир. Табиий газ ва кўмирга мослашган печларни талаб даражасида қурсангиз, ҳеч қандай кўнгилсизликлар кузатилмайди. Озгина эҳтиётсизлик туфайли соҚлиҚингизга, мол-мулкингизга ўзингиз хавф туҚдириб қўйишингиз мумкинлигини асло унутманг!
А. ҒАНИЕВ,
туман ЁХБ бошлиғи, капитан.