Газетамизнинг 2019 йил 8-март сонида “Эҳтиёт бўлинг, ертўлага тушиб кетманг?” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Унда Заркент шаҳарчасидаги 34-умумтаълим мактабининг ўқувчилари ўтиб қайтадиган йўл ёқасидаги учта ертўла ҳақида мулоҳазаларимизни билдирган эдик.
Дарҳақиқат, катта йўл билан чамаси 400-500 метрлик оралиқ масофада қад ростлаган мактаб олисдан жуда чиройли, маҳобатли кўринади. Баланд қир-адирлик устига барпо этилган мактаб биносига 2015 йил илк тамал тоши қўйилиб, қисқа муддатлар ичида у илми толиблар ихтиёрига топширилди. Мазкур таълим масканига ташриф буюрсангиз кўзингиз қувнайди. Айнан шу ерда давлатимизнинг келажак авлод вакилларига яратиб бераётган имкониятларининг юксак намойишига гувоҳ бўласиз. Бироқ мактаб биносидан чиқишингиз билан чароғон қалбингизни тундлик эгаллайди.
Гап шундаки, мактаб ҳудудига яқин йўл ёқасидаги чуқурлиги 8-10 метрлар келадиган учта ертўланинг мутасадди ташкилотлар томонидан ҳали-ҳамон эътиборсиз қолдирилаётганлиги кишини таажжубга солади. Ахир, яқинда янги ўқув йили бошланади. Ўқувчилар ушбу йўлдан яна мактабга қатнашади.Лекин ертўлаларнинг айлана диаметри йилдан-йилга каттариб, деярли йўл ёқасига келиб қолган. Уларнинг тубига қараш одамнинг юрагига ғулғула солиши табиийдир. Чамаси 10 метрлар чуқурликдаги ертўлалар тобора катталашиб, ғор шаклига кириб бораяпти. Энди тасаввур қилинг, шундоққина мактабнинг ёнида жойлашган ертўлаларнинг олдидан ўтаётган фарзандингиздан қанчалик хавотир оласиз.
Негадир мақола чиққандан кейин мутасаддилар мактаб маъмуриятини койиш билан мавжуд муаммони ҳал этишмоқчи бўлибди. Мактабда биронта техника бўлмаса қандай қилиб мактаб маъмурияти ушбу чуқурликларни бартараф қила олади. Ҳозир бу жой аввалгига қараганда ҳам баттар қаровсиз аҳволга ташлаб қўйилди.
Жорий йилда ёзнинг иссиқ келиши бу ерга ташланган чиқиндилар ўзидан бадбўй ҳид тарқата бошлаган. Чуқурлик атрофида яшаётган аҳоли бундан жабр чекишмоқда.
Энди савол туғилади, хўш мутасаддилар, биринчи навбатда туман халқ таълими бўлими бирон-бир фожеа бўлишини кутиб туришибдими? Наҳотки бу муаммони бартараф этишнинг иложи бўлмаса. Ахир бу ерда қачонгача аҳоли фарзандларини мактабга кузатишаётганда ҳадик билан ўтиришади? Бу бўйича мутасадди ташкилот вакилларидан жавоб кутиб қоламиз.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.
