Газетамизнинг 2019 йил 4 апрель 7-сонида “Обод қишлоқ” кўчалари, қачон ойдин бўлар кечалари” сарлавҳаси остида “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўчаларда “Обод қишлоқ” дастури асосида кўчаларнинг ёритилмаганлиги тўғрисида танқидий мақола чиққан эди. Афсуски, мана орадан уч ой ўтдики ҳамки, мутасадди ташкилот раҳбарларидан бирон бир ушбу танқидий мақолага муносабат билдирилмади. Ижодий гуруҳимиз яна ушбу маҳаллага ҳамда “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қўролос қишлоғида бўлиб, “Обод қишлоқ” дастури асосида ўрнатилган симёғочлар ҳамда улардаги ёритиш мосламаларининг аҳволи билан танишдик.
Дарҳақиқат, дастур асосида амалга оширилаётган ишлар жорий йилда ўтган йилгисидан тубдан фарқ қилмоқда. Ўтган йили “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Кўзтамғали ҳамда “Қўралос” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Юқори Қўралос қишлоқлари обод масканга айлантирилди. Жорий йилда эса биргина Жўш ҳудудининг ўзида 8 та маҳалла фуқаролар йиғини “Обод қишлоқ” дастурига асосан чирой очмоқда. Бундан ташқари, “Булоқбоши” ҳамда “Зармитан” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ушбу дастур асосида ободонлаштирилмоқда.
Аммо ўтган йили иккита маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган ишлар, уларда бажарилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг амалга оширилиш жараёнлари осон кечмаганлигини кўрдик. Йўллар текисланган, асфальт қилинган. Уйлар бевосита ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари билан аҳоли томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Лекин бюджетдан ажратилган, давлат маблағи ҳисобидан бўлсада “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кўстамғали қишлоғида ўрнатилган симёғочлар қандай ўрнатилган бўлса шундайлигича турибди. Ҳали бирон марта ҳам ёнмаган. Ҳаттоки танқидий мақоладан кейин баъзи бир симёғочлар шамолнинг таъсиридан қийшайиб, қулаб тушиш ҳолатига келиб қолган. Наҳотки, мутасаддилар томонидан ушбу ишга бефарқларча ёндошилса. Ахир ушбу кўча туман ҳокимлиги биносидан атиги 500 метр узоқликда жойлашган. Аҳоли қачон бизнинг кўчамиз ҳам кечаси ёруғ бўлади, дея кутишдан чарчаб ҳам кетишди.
Худди шундай аҳвол “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам. Янги, чиройли симёғочлар ўрнатилиб кетилган, лекин улар электр тизимига уланмаган. Кечаси юрсангиз қўрқинчли ҳолатни эслатиб юборади.
Албатта, бирон бир иш қилиш учун маблағ зарур бўлади. Лекин, маблағ ажратилиб, керакли жиҳозлар олиб келинсаю, унинг натижаси бўлмаса. Ахир шунча маблағ кетгандан кейин, ҳеч бўлмаганда унинг якуни бўлиши керак эмасми. Қачонгача аҳоли кечаси бўм-бўш симёғочларга қараб кўчада юради.
Ўйлаймизки, ушбу икки маҳалла фуқаролар йиғинига мутасаддилар эътибор қаратишади. Аҳоли кечалари ойдин кўчаларда юришади деган умиддамиз.
Тўлқин СИДДИҚ.