“Беган бобо” фермер хўжалиги раҳбари Абдурашид Сайфуллаевнинг ёши етмишга бораяпти. У бир умр савдо корхоналарида ишлаб халқнинг хизматида бўлиб келган, юрт ташвиши билан яшаган, боз устига жуда саховатли инсон. Юксак эътибору ҳурматни ўзининг эзгу амаллари, гўзал фазилатлари туфайли топган. Савобли ишларни қилиб турмаса юраги тинчимайди, кўнгли жойига тушмайди.
Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами олдидан туманимизда ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, кам таъминланган оилалар, кексалар, ногиронларга совға-саломлар улашиш, бир пиёла чой устида кўнглини шод этиш каби тадбирларда ҳам ҳиссаси бор.
2018-2019 ўқув йили олдидан Абдурашид Сайфуллаев яна бир савобли ишни қилди. Самарқанд шаҳридаги имконияти чекланган болалар мактаби кутубхонасига бир миллион сўмлик китобларни ҳадя этди.
-Кўп йиллардан буён бундай ишларни қилиб келаётган бўлсамда бу ишимдан шундай хурсанд бўлдимки, уни сўз билан ифода этишим қийин. Бундай даргоҳга қанча хизмат қилсак камлик қилади. Ахир, ҳеч бир инсон ўзини болаларсиз, уларнинг бахту саодати учун хизмат қилишсиз яхши тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса имконияти чекланган фарзандларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг аҳамияти, савоби беқиёс, деб ўйлайман.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Абдурашид Сайфуллаев ўзининг Болғали қишлоғидаги 5-умумтаълим мактабини оталиққа олганига ҳам кўп йил бўлди. Китоб, ўқув қуроллари ҳадя этиб туришдан ташқари аълочи, фаол ўқувчиларни моддий-маънавий рағбатлантириб келмоқда.
Зеро, саховатпешаликнинг ўзи ҳам улуғ иш, юксак инсоний фазилат. Бундай инсонлар ҳамиша эл-юрт эътиборида, ҳурматда бўлади.
Б.МАМАРАСУЛОВ.