Туман марказидаги “Ўрикзор” базмгоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус-2018” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танловда 30 дан зиёд, саноат соҳаси, маиший хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда фермер ва ҳунармандлар ўзаро беллашдилар.
Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Кўрик-танлов тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириб, хусусий мулкдорлар синфининг шаклланиши учун қулай шароитлар яратмоқда, тадбиркорларга билим ва маҳоратини оширишда янги имкониятлар бермоқда, қўшимча куч-ғайрат, ташаббус бахш этаётир.
Танлов доирасида иштирокчилар маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Иқтисодиёт ва саноатнинг турли йўналишлари учун мўлжалланган хилма-хил товар ва ҳунармандчилик буюмларидан эшик ва ромлар, мебель жиҳозлари, қурилиш материаллари, маиший жиҳозлар, доривор гиёҳлардан тайёрланган шифо воситалари кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйҚотди.
- Мамлакатимиз табиати бой ўсимлик дунёси билан ажралиб туради,-деди тадбир иштирокчиларидан “Фарангиз” хусусий корхонаси иш юритувчиси Даврон Махамматов. -Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизда ўсадиган бир минг бир юз эллик турдан кўпроқ ўсимлик дориворлик хусусиятига эга экан. Корхонамизда ушбу халқ табобатида табиат неъматларидан инсон саломатлиги учун фойдали бўлган 11 турдаги доривор гиёҳлардан тайёрланган шифо воситалари қадоқланиб, республикамизнинг турли жойларига юборилмоқда. Айниқса, туманимизда табиий усулда, яъни тоғларимизда ўсадиган дўлана, дастарбош, мойчечак гуллари, аччиқ шувоқ, бодом ва бошқа ўтлардан тайёрланган маҳсулотларга харидорлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Келгусидаги ушбу маҳсулотларимизни чет элга ҳам экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз.
-Корхонамизда эллик нафар туманимиз ёшлари меҳнат қилишмоқда,-деди “Қўшработ қурилиш таъмир” МЧЖ раҳбари У.Ниҳалов. -Асосан қурилишбоп ғиштларни ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимизни нафақат туманимиздаги қурилиш корхоналарига, балки бошқа туманларга ҳам юбораяпмиз. Мақсадимиз маҳсулотларимиз турларини кўпайтириш орқали қурилиш соҳаси учун керакли кўплаб янги иш ўринларининг ташкил этилишига эришишдир.
Танловнинг якуний натижаларга кўра, “Жўш экспресс газ” масъулияти чекланган жамияти раиси З.Худойбердиев «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», “Сўғдиёна голд стар” хусусий корхонаси раҳбари Ш.Фармонова «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», “Саитова Ойпахта Шамиевна” ЯТТ раҳбари Д.Саитова «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», “Сўғдиёна” фермер хўжалиги раиси Ф.Чиниқулов “Йилнинг энг яхши фермери”, якка тадбиркор У.Ихтиёрова “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида ғолибликни қўлга киритдилар. Ушбу ғолиб тадбиркорлар энди танловнинг вилоят босқичида иштирок этишади.
Шунингдек, якка тадбиркор Г.Кенжаева “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Фарангиз” хусусий корхонаси раҳбари Х.Қаҳрамонова “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Қўшработ қурилиш таъмир” МЧЖ раҳбари У.Ниҳалов “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Қўшработ омад нур” хусусий корхонаси раҳбари Б.Шодиев “Менинг юртим - менинг ифтихорим”, Б.Ражабов “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Қўрғон жилваси” хусусий корхонаси раҳбари У.Валихонов “Энг яхши экспортчи», “Шована қишлоқ марвариди” хусусий корхонаси раҳбари Ж.Аҳмедов “Энг масъулиятли ижтимоий шерик” каби қўшимча номинациялар бўйича фаол иштирокчи сифатида эътироф этилди.
Якунда ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди.
Ўз мухбиримиз.