Туман ҳокимлиги ташаббуси билан бир гуруҳ хотин-қизларнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига саёҳати ташкил этилди.
Эрта тонгда туман ҳокимлиги биноси олдидан йўлга чиққан саёҳатчилар тушга яқин Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғ ёнбағрига етиб келишди.
Пойтахт Тошкентдан шимоли-шарқда жойлашган Чимён тоғлари мафтункорлиги билан саёҳатчиларни ўзига жалб этади. Тоғ этаклари баландлиги 1200-1400 метргача етади, юқорироқда эса сийрак арчазорлар, 2 минг метрдан баландда Субалп ва Алп текисликлари бор. Қиш фаслида бу дам олиш ҳудуди шаҳарликларнинг севимли ҳордиқ чиқариш маконига айланади.
XIX-асрда рус харбийлари тоғ ҳавосининг шифобахш ҳусусияти ҳақида эшитиб, у ерда ҳарбий шифохона барпо этганлар. Чор Россиясининг Туркистон генерал-губернатори ҳам ўзи учун айнан Чимёнда дам олиш қароргоҳини қурдирган.
Саёҳатчилар бу ерда табиатнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишди, осма арқон йўллари орқали сайр қилишди. Сўнгра Чорвоқсойда кўм-кўк мусаффо сувда катерларда сузишди.
Саёҳатнинг иккинчи куни Зангиота зиёратгоҳига ташриф билан бошланди. Тошкент вилоятидаги XV асрга оид меъморий ёдгорлик ҳисобланган Зангиота зиёратгоҳи нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё мамлакатлари халқлари орасида маълум ва машҳурдир.
Зангиота мақбарасини XIV асрнинг 80-йилларида Амир Темур қурдирган ва XV асрнинг 20-йилларида Мирзо Улуғбек ҳомийлигида қўшимча қурилишлар ҳамда безак ишлари бажарилган. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишгач, имом-хатиблар томонидан ўтганларнинг руҳларига Јуръон тиловат қилинди.
Икки кунлик саёҳатимиз мазмунли ва қизиқарли тарзда ўтди. Саёҳатчилар келгусида бошқа тарихий қадамжоларга ҳам боришни режалаштириб олишди.
Н.ШОДИЕВА,
“Янгиқишлоқ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.