Сўнгги вақтларда кўпгина интернет сайтларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича кўплаб маълумотлар берилмоқда. Бунинг натижасида инсонларнинг ҳалок бўлганлари ҳам бор. Хўш, ис газидан қандай заҳарланиш мумкин? Ис газидан заҳарланганда қандай ёрдам кўрсатиш зарур?Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида эса 50-60% гача ис гази бўлади.
Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турадиган жойларда, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитида табиий газ чиқиб турганда ёки печка билан иситиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш мумкин.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма - карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир холатларда эса аноксияга олиб келиши ҳамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
- фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
- ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
- иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
- газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
- ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
- ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқа)нинг чала ёниши натижасида ис гази хосил бўлади.
Ис газидан заҳарланишнинг умумий белгилари:
-бош мия тизимида: уйқуга тортиш, бош айланиши, бош оғриғи, ҳушини йўқотиш;
-Кўриш тизимида: кўз олдининг қоронғулашиши;
-эшитиш тизимида: эшитиш қобилиятининг пасайиши;
-тери қисмида: терлаш кучайиши;
-нафас олиш тизимида: нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал;
-юрак қисмида: пульс ва АБ ортиши;
-мушаклар тизимида: тремор (қалтираш).
Қуйидаги ҳолатларда ис газидан заҳарланиш хавфи юқори бўлади:
·шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда;
·автоуловлар тураргоҳларида;
·янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда;
·уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда;
·печка билан иситиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.
Газдан заҳарланганда шифокор етиб келгунча биринчи ёрдам сифатида қуйидагиларни амалга ошириш керак:
- Жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш керак;
- Жабрланувчининг қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;
- Нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);
- Жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш (юргизиш тақиқланади);
- Жабрланувчи нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим;
- Нашатир спиртини ҳидлатиш;
- ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;
- Жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;
- Кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.
- Зудлик билан шифохонага олиб бориш.
А.ДАСТАМОВ,
туман тиббиёт бирлашмаси “Соғлом турмуш тарзи” бўлими бошлиғи.
