Иккинчи жахон уруши Ватанимизнинг деярли барча хонадонларига мусибатлар етказди. Минглаб оналаримиз фарзандларини, турмуш ўртоқларини, қадрдон ака-укалари ва опа-сингилларини йўқотишди. Уруш тугагандан буён анча йиллар ўтди, аммо чексиз жанглар, сон-саноқсиз йўқотишлар бу жангларда қатнашган, душман қўшинига жавобан мардларча курашган ва ўзини аямаганлар қалбида ўчмас изтироблар қолдирди. Бу шафқатсиз уруш тўғрисида гувоҳлик берувчи яқин инсонларимиз туфайли, биз бугунги кунда ҳам бу урушда қатнашчиларининг жудолик дардини хис қила оламиз ва ҳаётимиздан нолиш ўрнига уларнинг ҳаётга бўлган чанқоқлигини ва мислсиз иродасини кўриб тан берамиз.
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган кишилар тобора камайиб бормоқда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир.
Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
“Бойпўришли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қорақўзи қишлоғида яшовчи Амир бобо Саксонов ҳам 1942 йилда урушга отланади. Дастлаб, Жомбой туманида ҳарбий тайёргарликдан ўтгандан сўнг, Украинада ўз хизмат вазифасини ўташни бошлайди.
- Аслида мен 1918 йилда таваллуд топганман,-деди Амир бобо Саксонов. - Лекин рус тилини билмаганлигим сабабли, ёшимни сўрашганда уларга тушунтира олмаганман. Шунда мени 1922 йилда туғилган деб ҳужжатлаштиришган.
Мен Украина, Руминия, Венгрия, Чехославакияни озод этишдаги шиддатли жангларда иштирок этдим. Эҳ-ҳе, бу урушда қанчадан қанча фронтдошларим кўз олдимда ҳалок бўлишди. Шу даврда 5 маротаба яраландим. Бир ярим йилгача ҳарбий госпиталда ётиб даволандим. Даволаниб бўлиб, яна фронтга қайтдим.
Эсимда бор, Германия чегарасида немислар бир-бири билан телефон алоқаси орқали гаплашар эдилар. Шунда мен жонимни хатарга қўйиб бўлсада, телефон симларини узиб, алоқани тўхтатиб қўйганман.
Берлинни олганимиздан сўнг, Японлар билан уруш бошланди. У ерда ҳам тўрт ой бўлганман. Японларни ҳам енгганимиздан сўнг, ўз қишлоғимга қайтиб келганман.
Урушнинг оти ўчсин. Қишлоғимга келганимда қанчадан-қанча қишлоқдошларим, тенгқурларим вафот этганлигини эшитиш жуда қийин кечди. Насибам бор экан, Яратганга шукрлар бўлсин, қарилик йилларим шундай замонга тўғри келди. Қадр топдим, эъзозланаяпман. Биз, уруш фахрийларини рағбатлантириш мақсадида Президентимизнинг ҳужжатлари қабул қилинибди. Ана буни давр деса бўлади, буни тинчлик деса бўлади, буни ривожланиш деса бўлади. Кексаларни ҳурмат қилган кам бўлмайди, элда обрў топади.
Мана қарилик гаштини суриб юрибман. Келиним Яхшигул қирқ йилдан буён менга қарайди. Худди қизимдек бўлиб қолган. Умри узоқ бўлсин. Невара-чевараларимнинг саноғи йўқ. Ҳаммаси аҳволимдан хабар олиб туришади.
Урушнинг тасвирлаш қийин бўлган азобу уқубатларини бошидан ўтказган 96 ёшли Амир бобо тетик. “Бундай кунларнинг, Аллоҳ берган олий неъмат тинчликнинг қадрига етиш керак. Уни асраб-авайлаш ҳам фарз бўлган амаллардан биридир” дейди бобо такрор-такрор.
Юртбошимизнинг жорий йил 16 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори Амир бобо сингари кўплаб уруш фахрийларининг кўнглини тоғдек кўтарди. Муҳими ҳам шу аслида. Кўнгил олиш, дуо олиш, кексаларни зиёрат қилиш савобли ишдир.
Табаррук отахоннинг ҳузуридан қайтар эканман ўзимни енгил ҳис қилдим, юрагимда ўзгача ҳаяжон уйғонди. Фаришта билан сўзлашгандек бўлдим.
“ТИНЧЛИКНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ КЕРАК” дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Амир бобо Саксонов
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.