Осмонимиз мусаффо, кунларимиз тинч-тотувликда ўтмоқда. Бугунги ҳаётимиз осуда, эртанги турмуш янада фаровон бўлишига умид ва ишончдан қалбларимиз равшан!.. Туманимиз халқи яшариш ва янгиланиш байрами Наврўзни шукроналар билан, шоду хуррамликда кутиб олди.
Наврўз байрами жуда қадимий байрам саналади. Бу байрамнинг тарихи қарийб 4-4,5 минг йиллик, деган тахминлар мавжуд. Бунга муайян асослар ҳам бор. X аср тарихчиси Абу Бакр Наршахий “Бухоро тарихи” китобида Сиёвуш ҳақида қўшиқлар тўғрисида сўзлар экан, бунга 3 минг йиллар бўлган, деган фикрни билдиради.
Аждодларимиз Наврўзни бир ой байрам қилганлар. Узоққа бормайин, шу йилнинг ўзига яхшироқ назар олайлик. Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 февраль куни “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ана шу санадан эътиборан байрам ташвишлари бошланиб, байрам руҳи, байрамона кайфият вужудимизга кирди, десак асло муболаға бўлмайди.
Наврўз – янгиланиш, яшариш фаслининг дебочаси, тенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик айёми бўлгани боис ҳар йили бу кунни ўзгача интиқлик, соғинч ва энтикиш билан қарши оламиз. Бу йил ҳам ушбу байрамни халқимиз катта кўтаринкилик, шоду-хуррамликда нишонлашга тайёргарлик кўрди. Туманимизнинг барча маҳаллаларида, қишлоқларида кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди ва ҳали давом этмоқда. Айниқса, йўл четларига, ҳовлиларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди, дарахтларга шакл берилди, оқланди.
Туманимиз марказидан унча узоқ бўлмаган Қўшоғоч қишлоғининг қир-адирлари ҳар қачонгиданда чирой очган. Эрталабдан карнай-сурнай садолари янграб, минглаб тумандошларимиз, қўшни туманлардан келган меҳмонлар байрам шодиёналарига чорланди. Умуман олганда сўлим тепалик аҳоли билан гавжум бўлиб, байрам ўзгача тароват касб этди, байрам сайли бошланди. Ушбу сайилда маҳалла фуқаролар йиҚинлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Кўкламги кўкатлардан тайёрланган турли баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак дастурхонларга тортилди. Қизлар ўзбекона одатларга биноан келин саломлари қилдилар, йигитлар қадимий лапарлардан ижро этишди.
Кенг тепаликнинг ўртасида ажойиб ясалган саҳнада туман маданият ишлари бўлими, “Кончи” маданият уйи бадиий жамоалари, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабининг жажжи ҳаваскор ўқувчиларию боғчаларнинг тарбияланувчилари тайёрлаб келган концерт дастурлари намойиши ўзгача завқ ва шавқ бағишлади.
Спорт мусобақалари ҳам қизғин тарзда ўтди. Тош кўтариш, арқон тортиш, айниқса, кураш бўйича мусобақалар қизғин тус олди. Билагида кучи бор ёш йигитлар ўзларининг бор куч-ғайратларини намойиш этдилар.
Турли хил халқ ўйинлари, жумладан, варрак учириш байрам сайлига янада файз баҚишлади.
Ташкилотларда ишлаётган ходимлар - қўли гул, пазанда опа-сингилларимизнинг тайёрлаб келган таомлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини томоша қилиш ҳам мароқли бўлди. Бир ёнда дошқозонда сумалак, бошқа тарафда кўксомса, чучвара сингари турфа таомларни кўриб беихтиёр кўнглингиз ёришади.
Бу “Таомлар кўриги”да янада ёрқинроқ намоён бўлди. Баъзи ташкилотлар тайёрлаб келган таомлар тури юздан ошиб кетди. Ушбу кўрикни баҳолаш учун тузилган саноқ комиссияси аъзоларининг таомларнинг турларини аниқлашда анча шошиб қолганини кўриш мумкин эди.
Истиқлол туфайли тикланган қадриятларимиз, урф-одат ва миллий байрамларимиз орасида Наврўзи оламнинг ўрни, завқу шавқи бўлакча. Меҳр-оқибат, эзгулик, саховат ҳамда мурувват тимсоли саналмиш ушбу айём халқимизнинг азалий анъаналарига уйҚунлиги билан янада қадрлидир.
Дарҳақиқат, Наврўз байрами мусаффо осмон остида, тинч-омонликда нишонланаётгани мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларидан Биринчи Президентимиз бошчилигида амалга оширилиб, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсатнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг нақадар тўғри эканлигининг ёрқин ифодасидир. Тинч-осойишта элдагина байрамлар бўлади, ҳаловатли халққа эса хурсандчилик ярашади.
Шундай фарахбахш дамларда она табиатда рўй бераётган яшариш, янгиланишларни қалбидан ўтказаётган ҳамюртларимиз кўнглида шодлик, яна бир Наврўзга, гўзал ҳаётнинг бебаҳо неъматларига эсон-омон етганимиз, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукроналик туйғулари жўш уради.
— Мана шундай айёмларимизни эмин-эркин, файзли давраларда нишонлашимизга шарт-шароит яратиб бераётган Ҳукуматимиз раҳбарларига раҳмат, – дейди “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Мирзаев. — Шундай даврлар бўлганки, тақиқлар боис Наврўзни байрам қила олмаганмиз. Бу йилги Наврўз чин маънода барча учун байрам сайли бўлмоқда. Ҳар галги байрам тадбирларидан фарқли ўлароқ, бу йилги Наврўзимизда ҳеч бир муассаса, ҳеч бир жамоа байрамдан четда қолмади. Биз жамоамиз билан айёмга катта тараддуд кўрдик. Хотин-қизларимизга байрам кайфиятини улашиш мақсадида маҳалламизда маънавий-маърифий, бадиий дастурлар ташкил этдик. Байрам баҳона барчанинг қалбига баҳор кайфияти кирди.
Байрам сайиллари туманимиз бўйлаб давом этмоқда. Наврўз таровати бутун юрт узра қалблардан қалбларга кўчиб юраверади.
Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!
НАВРЎЗ ЯНГИЛАНИШ, ЯШАРИШ ВА МЕҲР-САХОВАТ БАЙРАМИ
Ҳусниддин МАМАРАСУЛОВ.