Бугунги кунда дунё аҳолисини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки озиқ-овқат маҳсулот сифат ва хавфсизлигининг муҳимлиги ер юзида аҳоли сони тобора кўпайиш тенденцияси ва демографик ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ бўлиб, инсоннинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини ҳам оширади ҳамда унга бўлган талабнинг ҳам ўсиб боришига олиб келади. Мана шундай муҳим омил асосида жаҳон миқёсида талаб ва эҳтиёжнинг бир меъёрда қондирилмаётганлиги ва айнан шу омил глобал муаммога айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас, албатта. Озиқ-овқат маҳсулотлари танқис бўлган мамлакатларда иқтисодий ўсиш секинлашгани ва аксинча фуқаролари етарли рационда овқатланаётган давлатларда эса ривожланиш тезлашгани кузатилмоқда.
Мамлакатимизнинг қайси гўшасига борманг бозорларимиз озиқ-овқат маҳсулотларига тўла эканлигини кўрамиз. Буларнинг барчаси заҳматкаш деҳқону фермерларимизнинг меҳнати туфайли бўлмоқда. Хўш, бу борада туманимизда аҳвол қандай?
Аҳолимизнинг деярли кўпчилигида 6 сотихдан кам бўлмаган томорқаси мавжуд. Бу борада кўпгина қўшни туманлар аҳолиси бизга ҳавас қилишади. Айниқса, қишлоқ ҳудудларимизда аҳоли бемалол хоҳлаганча жойни тўсиқлар билан айлантирилган олган. Лекин шу нарсага амин бўлаяпмизки, айлантирган томорқага деярли ҳеч нима экилмаган, фойдаланилмайди. Нимага экмагансиз, деб сўрасангиз, об-ҳавонинг ноқулай келганлигини, сув етишмаганлигини айтишади.
Тўғри, икки йилдан буён об-ҳавонинг ноқулай келиши сабабли сув масаласида муаммолар бўлди. Лекин “ишнинг кўзи”ни билган томорқа эгалари ўтган йили ҳам даромад олганлигини кўрдик.
Туман марказидаги “Жума деҳқон бозори”ни айланиб сабзавот маҳсулотлари билан савдо қилаётган деҳқонлардан яшаш жойини сўрасангиз кўпчилиги қўшни Иштихон, Пайариқ, ҳаттоки Каттақўрғон шаҳридан келганлигини айтишади. Ҳайратингиз ошади, туманимиздаги томорқа эгалари, миришкор деҳқонлар нима қилишаяпти?!
Бу йил об-ҳаво анча серёғин келаяпти. Ерда намгарчилик анча яхши. Бундай пайтда ҳар бир томорқа эгаси албатта экиш-тикиш ишлари билан жиддий шуғулланиши зарур. Чунки ўзида томорқа бўла туриб, бозордан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиши ноинсофчилик эмасми?! Бундан ташқари, ҳар бир хонадон эгаси ўзидан сабзавот маҳсулотларини чиқарса, бозорларимизда ҳам анча арзончилик бўлар эди.
Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатимизнинг турли гўшаларида томорқадан унумли фойдаланиб, катта даромад топаётган фуқароларимизни кўрсатишади. Айниқса, иссиқхона барпо этиб, миллион-миллион сўмлик маблағ топаётганлари қанчани ташкил этади. Туманимизда ҳам бундай ишбилармон томорқа эгалари бор. Улар саноқлигина бўлиб, иссиқхона яратиб, томорқасидан унумли фойдаланишаяпти.
Умуман олганда, томорқангизда иссиқхона барпо этишни хоқласангиз, банклар томонидан имтиёзли, кам фоизли кредит маблағлари ажратилмоқда. Фақатгина ундан самарали фойдалансангиз бўлгани.
Мана, қиш фасли ҳам тугаб, баҳор кириб келди. Деҳқонларимизнинг заҳматли меҳнатлари бошланди. Энди уйқудан уйғониб, ҳар биримиз томорқамизга қарайлик. Меҳнат қилиб, ердан унумли фойдаланайлик.
Ҳа, яхши гап яхшида. Меҳнат қилиб, ўз аравасини ўзи тортаётган инсонни қанча мақтасанг арзийди. Аслида у инсон мақтовга ҳам муҳтож эмас, қилаётган меҳнатининг самарасини оиласи фаровонлигида, фарзандлари камолида кўради.
Аммо бизнинг уларни эътироф этишдан мақсадимиз айрим ерининг умрини бекорга ўтказаётган томорқа эгаларини инсофга чақириш. “Ер меники, хоҳласам экаман, хоҳласам шундайлигича туради” қабилида иш тутаётган томорқа эгалари ҳам, балки бундан тўғри хулоса чиқарса, не ажаб...
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.