Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 7 июнь куни ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эга.
Хўш, мазкур ҳужжатни қабул қилишга қандай зарурат бор эди, нега айнан оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда? Қарорнинг асл мақсади ва мазмун-моҳияти нималардан иборат ўзи?
Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони йил сайин ортмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорлик ишини олиб борувчилар ҳам. Улар орасида ўзи яшаб турган уй-жойларида фаолият юритаётганлари оз эмас.
«Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, шу жумладан ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар оилавий корхона фаолияти амалга ошириладиган жойдир.
Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно».
Демак, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахслар юқоридагиларга риоя қилган ҳолда фаолиятларини бошлашса, ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмасликлари аниқ.
Бундан ташқари, дастурда кўрсатиб ўтилган барча қулайлик ва имтиёзлар ишбилармон оилалар учун бир қатор имкониятлар эшигини очиб беради. Лекин орамизда бундай шарт-шароитларни кутиб ўтирмай, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборган оилалар ҳам борки, уларни кўриб “баракалла” деб юборгинг келади. Туманимизда ҳам ана шундай оилалар бисёр.
“Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Баҳром Болибеков ҳам 10 йилдан буён чорва ва паррандачилик билан шуғулланиб келади. Ҳозирги кунда унинг хонадонида 6 бош эркак ва урғочи товус, 40 бошдан зиёд сусарка (ҳинд товуғи), 200 бош уй каптари, 20 бош қуён ҳамда 8 бош қорамол боқиб келинмоқда. Шунингдек, Қўролос, Пичот маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам бир қатор оилалар оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйиб, даромад олмоқдалар.
Бир сўз билан айтганда, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши фақатгина моддий манфаат келтирибгина қолмай, болаларнинг меҳнатсевар, ота-онасига ёрдамчи бўлиб, шу соҳанинг ичида ўсиб-улғайишига ҳам замин ҳозирлайди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.