Туман марказидаги “Ўрикзор” ошхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, соҳа субъектлари эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Танловда 30 дан зиёд саноат соҳаси, маиший хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда фермер ва ҳунармандлар ўзаро беллашдилар.
Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Кўрик-танлов тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириб, хусусий мулкдорлар синфининг шаклланиши учун қулай шароитлар яратмоқда, тадбиркорларга билим ва маҳоратини оширишда янги имкониятлар бермоқда, қўшимча куч-ғайрат, ташаббус бахш этаётир.
Танлов доирасида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Иқтисодиёт ва саноатнинг турли йўналишлари учун мўлжалланган хилма-хил товар ва ҳунармандчилик буюмларидан эшик ва ромлар, мебель жиҳозлари, қурилиш материаллари, маиший жиҳозлар, доривор гиёҳлардан тайёрланган шифо воситалари кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди.
Танловнинг якуний натижаларга кўра, “Мираж” оилавий корхонаси «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», “Фармонова Шахло” хусусий корхонаси раҳбари Ш.Фармонова «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», “Саитова Моҳинур” ЯТТ раҳбари М.Саитова «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», “Қўрғон жилваси” фермер хўжалиги “Йилнинг энг яхши фермери”, якка тадбиркор Ш.Улашев “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида ғолибликни қўлга киритдилар. Ушбу ғолиб тадбиркорлар энди танловнинг вилоят босқичида иштирок этишади.
-Икки йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланаман,-деди якка тартибдаги тадбиркор Ш.Улашов. -Асосан ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланамиз. Усталаримиз томонидан ясалган қадимий кема, китоб жавони ва бошқа буюмлар харидоргирдир. Мақсадимиз маҳсулотларимиз турларини кўпайтириш орқали ҳунармандчилик соҳаси учун керакли кўплаб янги иш ўринларининг ташкил этилишига эришишдир.
Якунда ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ўз мухбиримиз.