Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, бу борада электр энергиясининг алоҳида ўрни бор. Ундан қанчалик тежамкорлик билан фойдалансак, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам, аҳолимизга ҳам шунчалик фойдали бўлади.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, туманимизда ҳам электр энергиясидан тежамли фойдаланиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Лекин гуруч “курмак”сиз бўлмаганидек, айрим уддабурон истеъмолчиларимиз белгиланган тартиб-қоидалар талабларидан четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар.
А.Насимов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Чиммос” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бўйича текшириш ўтказилганда, яшаш хонадонини электр ҳисоблагичдан ташқари умумий фойдаланишдаги электр энергияси тармоғига 3 КВТ сув насосини улаб, ноқонуний фойдаланиб келганлиги аниқланди. Бу ноқонуний уланишдан туман электр таъминоти корхонаси манфаатига 4 230 000 сўмлик зарар етказилган.
Тегишли ҳужжатлар асосида А.Насимовга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини ва улгуржи истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасини халқимиз ҳам сезиб турибди. Лекин қарс икки қўлдан чиқади. Истеъмол қилинган электр ва газ ҳақини ўз вақтида тўлаш шарт эканини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Ў.АБДИЛАКИМОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими “Техник кузатув” шўъбаси бош муҳандиси.
