Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими томонидан электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида тўлиқ ундирилиши, истеъмолчилар қарздорлиги камайтирилишига эришиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан бу борада қатор ҳуқуқбузарликлар кузатилмоқда. Айрим “уддабурон” истеъмолчиларимиз белгиланган талабларни четлаб ўтишга ҳаракат қилишмоқда. Жумладан, “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиҚини Сиртсулув қишлоғида истиқомат қилувчи А.Шокиров (исми ва фамилияси ўзгартирилган) яшаш хонадонида бир дона қўлбола электрплита, бир дона кир ювиш машинаси, беш дона лампочка ҳамда бир дона телевизорни электр ҳисоблагичдан ташқари улаб, электр энергиясидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келганлиги ходимларимиз томонидан аниқланди. Бунинг оқибатида эса туман электр таъминоти корхонасига 962000 сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Шунингдек, “Тоз” маҳалла фуқаролар йиғини Боғожот қишлоғида яшовчи Ш.Каримов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Электр энергиясидан фойдаланиш” қоидаларига зид ҳолда ўзининг яшаш хонадонини электр ҳисоблагичдан ташқари умумий фойдаланишдаги электр энергияси тармоғига улаб олиб, икки дона 2 кВтли ва 0,75 кВтли сув насоси ҳамда бир дона электрплитадан фойдаланиб келганлиги оқибатида туман электр таъминоти корхонасига 1960200 сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Ушбу фуқароларга нисбатан Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди.
Зарар аччиқ, у ҳеч кимга ёқмайди. Қолаверса, қонун ҳаммага баробар, уларга амал қилган инсон эса доимо хотиржам яшайди.
Б. АБДИЛАКИМОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими “Техник кузатув” шўъбаси бош муҳандиси.