Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, бу борада электр энергиясининг алоҳида ўрни бор. Ундан қанчалик тежамкорлик билан фойдалансак, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам, аҳолимизга ҳам шунчалик фойдали бўларди.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, туманимизда ҳам электр энергиясидан тежамли фойдаланиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Лекин, гуруч “курмак”сиз бўлмаганидек, айрим уддабурон истеъмолчиларимиз белгиланган тартиб-қоидалар талабларидан четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар.
А.Каримов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Қоратош” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бўйича текшириш ўтказилганда, ўзининг дала участкасида артезиан қудуғида ўзбошимчалик билан электр энергиясига уланиб, бир дона 1,1 КВТли сув насосидан фойдаланиб келганлиги аниқланган. Оқибатда эса туман электр тармоқлари корхонасига 1 миллион 201 минг 200 сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Тегишли ҳужжатлар асосида А.Каримовга Ўзбекистон Республикаси Мажбурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини ва улгуржи истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар оширилмоқда. Бунинг самарасини халқимиз ҳам сезиб турибди. Қарс икки қўлдан чиқади. Истеъмол қилинган электр газ ҳақини ўз вақтида тўлиқ тўлаш шарт эканини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Э. БОЗОРОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи.